“Энг ёмон сценарийга тайёр бўлишимиз керак”. Тўқаев Афғонистондан таҳдидга тайёр туриш ҳақида гапирди 

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат халқига йўллаган мурожаатида Афғонистондаги вазият фонида ҳарбий-саноат комплекси ва ҳарбий доктринани қайта ишга тушириш зарурлигини айтди.  

“Афғонистондаги вазият, глобал кескинликнинг умумий ўсиши олдимизга ҳарбий-саноат комплекси ва ҳарбий доктринани қайта ишга тушириш вазифасини қўяди. Мудофаа қобилиятини кучайтириш, таҳдидларга жавоб бериш даражасини ошириш ҳам миллий аҳамиятга эга устувор вазифаларга айланиши керак. Биз ташқи зарбалар ва энг ёмон сценарийга тайёр бўлишимиз керак”, деган Тўқаев. 

Унинг таъкидлашича, ташқаридан келадиган хавфларни моделлаштириш жуда долзарб бўлиб қолган. 

“Стресс-тестларни ўтказиш, сценарийларни ишлаб чиқиш керак, бунинг асосида давлат аппаратининг ҳаракат режалари ишлаб чиқилади ва тузатилади”, деб тушунтирган Қозоғистон Президенти.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида АҚШ бошлиқ халқаро коалиция кучлари Афғонистонни тарк этишни бошлаши билан "Толибон" ҳаракати ҳукумат назоратидаги ҳудудларни эгаллаб ола бошлади. Август ойига келиб, толиблар йирик шаҳарларга юриш бошлади.

Орадан кўп ўтмай, жорий йилнинг 15 август куни Қобулнинг “Толибон” қўлига ўтиши билан Афғонистонда ҳаракат ҳокимияти ўрнатилди. Президент Ашраф Ғани эса истеъфо берганини ҳамда мамлакатни тарк этганини маълум қилди. Ҳокимиятни "Толибон"га ўтишини таъминлаш учун Мувофиқлаштириш кенгаши тузилиб, унга Абдулла Абдулла ва Ҳамид Карзай киритилганди.

Жорий йилнинг 19 август куни эса ҳаракат расмий баёнот билан чиқиб, мамлакатда Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. "Толибон" вакили Воҳидулла Ҳошимий ҳаракат Афғонистонда демократик давлат қурмаслигини маълум қилди.

Ҳозирда фақатгина Панжшер вилояти толиблар ҳокимиятини тан олмаяпти. Вилоятда "Толибон"га қарши кучлар йиғилмоқда. Уларга эса машҳур "дала қўмондони" Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилик қиляпти.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тўқаев

Баҳолаганлар

270

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг