Энди Россияда ишлаш учун патентни Ўзбекистонда ҳам олса бўлади

Жамият

image

2021 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда Россия Федерацияси Ички ишлар вазирлигининг паспорт-виза хизмати ваколатхонаси очилади ҳамда ушбу ваколатхонада патентни тайёрлаш, расмийлаштириш ва бериш хизматлари кўрсатилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун, 14 сентябрь куни имзолаган “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради. 

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январга қадар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбург (90 мингга яқин меҳнат мигрантлари ишламоқда), Новосибирск (200 минг нафар), Самара (100 минг нафар), Уфа (70 минг нафар), Чимкент (100 минг нафар) ва Истанбул (300 минг нафар) шаҳарларидаги ваколатхоналари очилади. 

Чет давлатларда мураккаб молиявий аҳволга тушган ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, маблағларсиз қолган 10 мингга яқин фуқароларга 446 минг сўм (40 долл) бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади ҳамда ушбу мақсадларга 4,1 млрд сўм маблағ ажратилади. 

Россия Федерацияси, Қозоғистон ва Туркия Республикаларида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида адвокатлик фирмалари жалб қилинади, онлайн платформа яратилади ва Россия Федерацияси ҳудудини доимий хизмат билан қамраб оладиган “Call-марказ” ташкил қилинади. 

Шунингдек, хорижий мамлакатларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам ёрдам кўрсатиб келаётган шахсларни “фахрий консул” ҳамда “жамоат маслаҳатчиси” этиб тайинлаш ҳамда уларни давлат мукофотлари билан тақдирлаш амалиёти жорий қилинади. 

Дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхоналари ҳузурида хориждаги ватандошлар, йирик иш берувчилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларига мунтазам равишда ёрдам кўрсатиб келаётган бошқа шахслар иштирокидаги Маслаҳат кенгашлари ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

мигрантлар ташқи миграция

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг