Энди дарахт кесилгани ҳақида хабар қилганларга “суюнчи” берилади

Жамият

image

Энди дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга ҳам пул мукофоти берилади. Бу ҳақда бугун, 7 январь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан ўтказилган 2022 йилнинг дастлабки матбуот анжуманида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Президентнинг тегишли Фармон ва Қарори билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилди. Мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, ўсимлик дунёсига етказилган зарар суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилади.

Шунингдек, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларини кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилишга оид ҳукумат фармойишлари, баённомалар, ёзма топшириқлар, идоравий ҳужжатлар, кўрсатма ва қарорлар қабул қилиш тақиқланади.

Шу билан бирга, мораторий талабларини бузган қурилиш-пудрат ташкилотларининг “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги даражаси (рейтинг баҳоси) бир поғона пасайтирилади. Янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотларни лойиҳалаштиришда уларга туташ ҳудудларнинг кўкаламзорлаштириш (дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни экиш) майдонлари лойиҳа учун ажратиладиган ер участкалари умумий майдонининг 25 фоизидан кам бўлишига йўл қўйилмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дарахт пул берилади

Баҳолаганлар

147

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг