Элдор Шомуродов: “Мен ўз уйимдагидекман”

Спорт 14057
image

Италиянинг “Рома” клуби ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов иштирокида матбуот анжумани ўтказди. Унда Шомуродов “Рома”даги вазифалари ҳамда келажакдаги мақсадлари хусусида сўз юритди.

— Нима деб ўйлайсиз, нега катта клубда бир мунча кеч ўйнаяпсиз, ёшингиз 25 дан ошди?

— Аввало айтишим керак, мен ҳар йили босқичма-босқич кучайиб боришга, ўзимнинг ижобий хислатларимни кўрсатишга интилдим. Доимо топ-жамоада ўйнашни хоҳлаганман. Бу бироз кеч рўй берди, аммо қайсидир жиҳатдан ўз мақсадимга эришдим. Мен бу ерга ёрқин ўйин кўрсатиш ва клуб билан совринлар ютиш учун келдим. Ёш эса менга халақит бермаса керак.

— Тэмми Абраҳам билан биргаликда ўйнай оласизларми?

Мен бунгача қанот ҳужумчиси сифатида ҳам, марказий ҳужумчи сифатида ҳам ўйнаганман. Шу боис мен ҳар қандай нуқтада ўзимни қулай ҳис этаман. Албатта, бирга ўйнаган бўлардик. Асосийси, иккимиз ҳам жамоага ёрдам беришимиз лозим. Бу бизнинг асосий мақсадимиз.

— Ғалабага чанқоқмисиз? Уйингиздан анча узоқдасиз, Римда қийинчилик бўлмаяптими?

— Олдин айтиб ўтганимдек, ҳар доим олдимга қўйилган мақсад сари ҳаракат қилганман ва топ-клубга ўтишни хоҳлаганман. Ҳозир катта жамоадаман ва ўйлайманки, энди ҳар бир ўйинни ютиш ва совринларга эга чиқиш керак. Бу ерда кўплаб мухлислар борлигини биламан. Умид қиламанки, жамоамиз Мистер (Моуриньо) ёрдамида ҳаммасига эришади, ютуқларни қўлга киритамиз. Мен ўз уйимдагидекман, бироз қийинчилик бўлди, аммо бу энди ортда қолган жиҳат.

— Жозе Моуриньо билан қандай алоқангиз бор? У “Рома”га келишингизда муҳим аҳамият касб этдими?

— Ҳа, биз 2 йил олдин Москвада кўришгандик. У “Рома” бош мураббийи этиб тайинланганида, менга қизиқиш, таклиф бўлаётганини айтишди. Дарҳол бунга розилик бердим. Биринчидан, “Рома” ўз олдига улкан мақсадларни қўядиган топ-клуб. Иккинчидан, у дунёнинг энг кучли мураббийларидан бири, Жозе билан бирга ишлашни хоҳладим. 

— Сиз жамоада муҳим ўйинчилардан бири бўлишингизни кутганмидингиз?

— Мен жамоага қўшилишим биланоқ яхши ўйин кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу мен ўйлаганимдан-да муваффақиятлироқ чиқди. Ўйлайманки, шу руҳда давом этиб, мухлисларни хурсанд қилишим ва жамоага ғалаба йўлида ёрдам беришим керак. Мақсадимиз чемпионлик, биз имкон қадар унга эришишга ҳаракат қиламиз. Барчангизга эътибор учун раҳмат!

 

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 435
Рейтинг: 3
t
×