Эҳсон пуллари сардобаликларга етиб бордими?

Интервью

“Сардоба” сув омбори тўғонининг ёрилиши мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг талафотли офатлардан бири бўлгани шубҳасиз. Бу фожиага ҳам мана бир йилдан ошди. Аммо тошқин билан рўбаро келганлар ҳамон ўша вақтдаги даҳшатли манзарани унутмаган.

Тошқин вақтида аҳолининг хавфсиз жойга кўчирилиши, тошқиндан кейин одамларни бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш ҳокимлар, прокурор ва ички ишлар бошлиқлари зиммасида бўлган. Ҳўш, улар тошқин вақтида аҳолини эвакуация қилиш ишларини қанчалик муваффақиятли ташкиллаштирди?

Сардоба тумани ҳокимининг ўринбосари Зафар Мусулмонқулов QALAMPIR.UZ’нинг Сардоба марафони жонли эфир мулоқотида тошқин вақтида аҳолини эвакуация қилиш ишлари қандай олиб борилгани ҳақида сўзлаб берди.

Феруза Нажмиддинова, журналист: – 1 май тонгини қандай хотирлайсиз?

Зафар Мусулмонқулов, Сардоба тумани ҳокими ўринбосари: – Бу кун кечагидек ёдимда ва ҳеч қачон унутилмаса ҳам керак. Тонг саҳарда қандай кайфиятда уйғонсангиз, кунингиз шундай ўтади дейишади. 1 май тонгидаги кайфият буткул бошқача эди. тонги 4:30-5:00 ораларида Сардоба туман ҳокими Aбдуазим Муродқосимович қўнғироқ қилиб Сув омбори яқинидаги маҳаллага етиб келишимни, сув омбори ёрилганини айтди. Тўғриси, жуда ғалати ҳолат эди. Келган вақтимда бутун халқ кўчага чиқиб олганди. Кимдир йиғлаган, кимдир бақирган яна кимлардир бир-бирига ёрдам бераётганди. Ўша куни сен-мен деган нарса йўқ эди. ҳаммамиз бир бўлиб бир-биримизга ёрдам бердик. Ижтимоий тармоқларга хабар тарқалганидан кейин, бошқа ҳудудда яшаётганлар ҳам келиб ёрдам беришди.

Ф.Н.: – Турли вазиятларда ҳоким ва унинг ўринбосарларининг буйруқ беришларига, қўл остидагиларни ишлатишларига ўрганиб қолганмиз. 1 май куни ҳоким, прокурор ва ички ишлар бошлиқлари тошқиндан қочаётган аҳоли билан елкама-елка кураша олдими?

З.М.: – У вазиятда ҳоким, прокурор ёки ИИБ бошлиғи деган тушунча йўқ эди. Халқ ҳам кўрди, ким бўлишидан қатъий назар формалар ечилиб, сув келаётган томонга барча ташкилот раҳбарлари боришди. Кимдир сув омбори урган томонга, кимдир бошқа жойларга бориб ёрдам бериши керак эди. Ярим соат ичида Республика ишчи гуруҳи келиб иш бошлагунга қадар ҳам шу ерда яшайдиган аҳоли ҳам кўмаклашди. Ўз оиласини қутқариб бўлиб қўни-қўшнисига ёрдамга қайтиб келганлар ҳам бўлди.

Ф.Н.: – Сардоба аҳолисининг деярли барчаси, чорва ва экин маҳсулотларидан кун кўради. Олдинги йилги даромадлари сувда оқиб кетган бўлса, бу йил экилган экинларга сув берилмаган бунинг сабаби нима?

З.М.: – Биринчи навбатда шукр қилишимиз керак. Aгар мен ота сифатида ўзимдан мисол келтирсам, учта фарзандимга бир вақтда уй олиб беролмайман. Президентга минг раҳмат, қисқа муддатда шунча халқни уй-жой билан таъминлаб берди. Бу ҳудуддаги баъзи ерлар кластерга берилган, улар ҳам сув остида қолди ва зарар кўрди. узоғи билан икки ой давомида барча муаммолар ҳал бўлади. Газ, электр, сув масалалари ҳам ҳал этилди, бошқа муаммолар ҳам секин-секин барҳам топади.

Ф.Н.: – Ўзи газ, электр ва сув бўлганми? Тўғон ёрилишидан аввал қилишимиз ва чўзиб юрган ишларимиз талафот баҳонасида битиб кетдими?

З.М.: – Мен шу туманда катта бўлганман. Биз эрталабдан ўтин топишга чиқардик. Ота-онам фарзандларига мактабга бориши учун этик олиб берарди. Ҳозир нафақат катта кўчалар балки ички кўчалар ҳам обод бўлган. Оқова сувлари учун катта техникалар жалб қилинган, узоғи икки ойдан сўнг барча муаммолар ҳал бўлади.

Ф.Н.: – Сув омбори ёрилганидан сўнг тадбиркорлар, сахий инсонлар томонидан карвон-карвон озиқ-овқат ва кийим кечаклар келди. Ижтимоий тармоқларда эса озиқ-овқат ва кийим кечаклар ўз эгаларига етмасдан талон-тарож бўлгани ҳақида айтилди. Сардоба фожиаси учун давлат томонидан ажратилган ва эҳсон пуллари ҳокимлик томонидан виждонан тақсимландими?

З.М.: – Саволингиз ўринли. Ҳақиқатдан ҳам бир кунда 5-10 тагача мурожаатлар тушди. Ижтимоий тармоқлар орқали чиқишлар қилинди. Aслида, раҳбаримиз ташаббуси билан тақсимлаш штаби тузилди. Унинг назорати эса прокуратурага топширилди. Етиб келган эҳсонлар базага олиб киритилиб, тегишли ҳужжатлар орқали тақсимот қилинди. 8 мингдан ошиқ аҳоли бўлса, улар орасида ўз хоҳиши билан водий ёки бошқа ҳудудга кетганлари бор. Сардобада қолганлари эса ҳамма нарса олишди, кетганлари эса қайтиб келиб мен олмадим деган масалаларни кўндаланг қўйган ҳолатлар ҳам бўлди. Ижтимоий тармоқлар орқали чиқиш қилганлар, биринчи навбатда кимга мурожаат қилишни билмаган. Уларга ишчи гуруҳ томонидан барча керакли маҳсулотлар етказиб берилди. Маҳсулотлар турган омборга Республикадаги ҳуқуқ органларидан биттадан вакил бириктирилганди. Улардан қочишнинг иложи йўқ эди.

Ф.Н.: – Бугунги кунда уйи сув тагида қолган фуқароларга ҳамма нарса 100 фоиз таъминлаб берилди деб айтоласизми?

З.М.: – Иш бор жойда камчилик бўлади. Aйрим хонадонларда бир нечта оила яшаган, маиший техника учун сертификатлар бериш жараёнида фуқаролар “биз бир неча оила бўлиб яшаганмиз”, деган гапни айтиб норози бўлиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Сертификатлар берилишида нафақат ҳокимлик вакиллари балки депутатлар ҳам бош бўлишган. Ҳар бир оиланинг яшаган шароити, бир оилада неча киши истиқомат қилгани ўрганилган.

Ф.Н.: – Сардоба фожиасида ҳокимликнинг ҳар бир вакили виждонан ишлади деб айтоласизми?

З.М.: – Бунга баҳони халқ беради.

Ф.Н.: –  Сардоба фожиаси ҳокимлик ва бошқа раҳбарларга қандай сигнал бўлди?

З.М.: – Бунақа вазиятлар учун бир таклиф айтган бўлардим. Болалигимизда “Фавқулодда ҳолатлар” дарси бўларди. Дарс жараёнида мисол тариқасида зилзила бўлди деб, қўнғироқ чалиб, хабар беришарди ва ҳаммамиз икки қатор бўлиб зинадан тушардик. Сардоба фожиасида ҳам қийналган вазиятларда ёши улуғларимиз бир томонни очиб беришди ва ишимиз нисбатан осон бўлди. Шу сингари вазиятга ҳамма тайёр туриши керак. Камчилигимиз, офатларга ҳақиқатдан ҳам тайёр эмасмиз. Юқорида таклиф деб айтдим, мактабларда болаларга фалокатларга тайёргарлик бўйича дарслар ўтиб, фавқулодда машқларни ўтишса, яхши бўларди.

Ф.Н.: – “Махсус қўнғироқча” деб айтдингиз. Нима учун Сардоба сув омбори ёрилганида “махсус қўнғироқ”лар чалинмади. XXI асрга келиб ривожланган мамлакатлар қаторига киришни истаётган Ўзбекистоннинг бир вилоятида “махсус қўнғироқ”лар нега йўқ?

З.М.: – Ҳар бир мақсадга бирданига эришиб бўлмайди. 5 йил ичида бу қадар ўзгаришларни тасаввур ҳам қилмаган эдик. Огоҳлантириш қўнғироғини ҳам, албатта, ўрнатамиз.
 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ва YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардоба Сардоба сув омбори Сардоба туман ҳокими Зафар Мусулмонқулов

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг