Дунёни иккига бўлган уруш. Биринчи жаҳон урушининг бошланиши (1-қисм)

Бу қизиқ

image

“Уруш бу айримларнинг манфаати учун бутунлай бегуноҳ одамларнинг ўлишидир”.

Уинстон Черчилль, Буюк Британия Бош вазири

Одамзод “уруш” деган сўзни эшитиши билан кўз олдига ҳалок бўлган неча юз минглаб инсонларнинг жасадлари, вайронкорликлар, тўс-тўполон ва очлик келади. Уруш инсониятга ҳеч замонда яхшилик олиб келмаган. Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, дунё тарихида қонли тўқнашувлар жуда кўп бўлган ва ҳозир ҳам давом этмоқда.

1918 йил 11 ноябрь куни инсоният тарихига “Биринчи жаҳон уруши” номи билан кирган даҳшатли қирғинбарот ўз якунига етди. Бу уруш аввалги тўқнашувларга қараганда анчайин узоқ муддат, аниқроғи, тўрт йил давом этди. Уруш кўлами ва кўплаб давлатларни ўз домига тортгани билан ҳам аввалгиларидан ажралиб турарди. Ушбу мақоламизда Биринчи жаҳон урушининг бошланиш сабаблари ва унинг бориши ҳақида сўз юритамиз.

Империялар ўртасидаги зиддият

XX аср бошларида империялар ўртасидаги зиддиятнинг энг муҳим сабаби саноат тараққиётининг жадаллашуви, индустриал мамлакатлар сонининг кўпайиши бўлди. Ривожланган давлатларнинг саноат капиталлари ўртасида ташқи бозор учун кураш бошланди.

XX асрга келиб, ривожланаётган мамлакатлар ўз рақибларининг таъсир доираларига кириб қолиши орқали янги мустамлакаларни ва бозорларни забт этишга интила бошлади. Янги даврнинг империалистик уруши Испания – АҚШ (1898) ўртасида бўлиб, бунинг натижасида АҚШ Куба, Филиппин, Пуэрто-Рико ва Гуам оролларини Испаниядан тортиб олди. Шундай қилиб, дунёни қайтадан бўлиб олиш учун кураш жаҳон сиёсатининг муҳим омилига айланди.

Қонли нуқталар

XX асрнинг бошида дунёнинг шундай ҳудудлари белгиландики, уларнинг геосиёсий ва иқтисодий муҳим аҳамияти туфайли бу ерлар устидан назорат ўрнатиш учун кураш бошланди. Биринчи жаҳон уруши арафасида шундай ҳудудлар сифатида Хитой ва Болқон ярим ороли ажралиб турди.

Хитой ва унинг портлари устидан назорат ўрнатиш кенг бозорга ва бой ресурсли ерларга кириб бориш имкониятини берарди. Бундан ташқари, Хитой портларига эгалик қилган мамлакат жаҳон тараққиётида роли тобора ортиб бораётган Осиё – Тинч океани минтақасини ўз назоратида ушлаб туриши мумкин эди.

Жаҳон уруши бошланишидан олдин кучли давлатлар ўртасида ўзига хос мувозанат мавжуд эди. Бироқ 1900 йилда Россия империясининг армияси қўзғолонни бостириш баҳонаси билан Маньчжурияга кириши бу мувозанатни бузиб юборди. Маньчжурия устидан назоратга таяниб, подшоҳ ҳукумати Кореяга ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади. Бу эса, ўз навбатида, Буюк Британия, АҚШ ва Японияга ёқмади. Айниқса, 1902 йилда Англия билан иттифоқ тузган Япония Россиянинг бу ишидан қаттиқ ғазабланган эди. Айни шу паллада Япония ҳукмрон доиралари таваккал қилиб, ҳарбий жиҳатдан ўзидан кучли бўлган Россия империясига уруш эълон қилди. Бир йил давом этган урушда Япония ғалаба қозонди.

Зиддиятларнинг янада мураккаб тугуни Болқон ярим оролида пайдо бўлди. XVIII асрда Россия ва Австриянинг умумий душмани ҳисобланган Усмонийлар империяси кучсизланиши стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Босфор ва Дарданелл бўғози ва уларга яқин ҳудудлар устидан назорат ўрнатиш учун аёвсиз кураш бошланди. Бу ерларга Россия, Австрия-Венгрия бевосита, Буюк Британия эса билвосита кўз тиккан эди. Бундан ташқари, XX аср бошларида анчайин қудратли бўлиб олган Германия империяси бу курашга қўшилди. Германия Усмонийлар империяси билан алоҳида муносабат ўрнатиб, Болқон мамлакатлари орқали Истанбул, Бағдод ва Басрага чиқувчи темир йўл қурилишини бошлаб юборди. Бу йўл орқали Германия Ҳинд океанига, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бозорларига чиқмоқчи эди.

Ҳарбий блокларнинг ташкил топиши

1879 йилда Германия – Австрия ўртасида ҳарбий иттифоқ тузилди. 1882 йилда бу иттифоққа Шимолий Африкада ҳукмронлик учун Франция билан рақобатлашаётган Италия қўшилди. Шу тариқа “Учлар иттифоқи” ташкил топди.

1904 йилда энг кўп колонияга эга бўлган Буюк Британия ва Франция ўртасида мустамлакачилик масаласи бўйича энг муҳим шартнома имзоланди. Томонлар уруш вақтида бир-бирини қўллаб туришга келишиб олди. 1907 йилда Россия империяси Буюк Британия билан худди шундай шартнома тузди. Шундай қилиб, иккита қарама-қарши ҳарбий-сиёсий блоклар: “Учлар иттифоқ” (Германия, Австрия-Венгрия ва Италия) ва “Антанта” (Россия, Франция ва Буюк Британия) тузилди.

Германия ўзининг рақобатчиларини бир-бирига қарши қўйиш учун бир неча марта ҳаракат қилиб кўрди. 1904 йил рус-япон уруши вақтида Германия императори Вильгельм II Россия подшоҳи Николай II га Англия ва Японияга қарши иттифоқ тузишни таклиф қилиб кўрди. 1905 йилда иккала император Бьёрка ороли яқинидаги саройда учрашди ва унда Николай II Германия билан иттифоққа рози эканлигини билдирди. Бироқ Вазирлар Кабинети Россияга энг кўп қарз берган Франция билан дўстона алоқаларни сақлаб қолишни афзал кўрди. Шундай қилиб, икки императорнинг ўзаро иттифоқи тўғрисидаги шартнома амалга ошмади.

Германия ҳарбий ва иқтисодий тарафлама ривожланган бўлса-да, Англия, Франция, Россия каби улкан мустамлакаларга эга бўлмаган. Шу боис ҳар тарафлама кучга тўлган Кайзер (Германия империясида монархга бериладиган унвон) Германияси дунёга “Қуёш барчанинг елкасига бирдек нур сочиши керак”, деган талаб билан чиқди.

Шу тариқа XX аср бошларида вужудга келган халқаро вазият, ривожланган империалистик давлатларнинг дунё биринчилиги учун кураши охир-оқибат инсоният тарихидаги энг йирик урушни келтириб чиқарди.

Урушнинг бошланиши

1914 йил 28 июль куни Австрия-Венгрия империясининг тахт вориси шаҳзода Франц Фердинанд ҳарбий машқларни кузатиш учун Босния маркази Сараева шаҳрига келди. Бу ташриф шунчаки сайр бўлмаган. 28 июль сербларнинг мотам куни бўлиб, айнан шу куни Сербия чегараларида ҳарбий машқлар ўтказилиши бир иғво эди. Франц Фердинанднинг бундай провокацион ҳаракати серб миллатчи доираларининг ғазабини қўзғатди. Тонгги соат ўн бирга яқин Миляк дарёси яқинида серб миллатчи ташкилоти – “Млада Босна” (Ёш Босния) аъзоси, 20 ёшли Гаврило Принцип олдидан ўтиб кетаётган шаҳзода Франц Фердинанд ва унинг рафиқасини отиб ўлдиради. Бундан ғазабланган Австрия-Венгрия императори ўз ҳукуматидан бу қотилликка жавобан Сербияга уруш эълон қилишни талаб қилди.

1914 йил 23 июнда Австрия-Венгрия Сербияга 10 банддан иборат бўлган талаб қўйдики, бу талабларни бажариш суверен давлат учун ҳақоратли эди. Шунга қарамасдан, Сербия ўзидан талаб этилган 10 та шартдан 9 тасини бажарди. Биргина “Австрия ҳукумати терговда иштирок этган ҳолда Сараевадаги қотиллик иштирокчиларининг ҳар бирига нисбатан тергов ўтказиши”, деган банд бажарилмади.

Бу можарога “Антанта” давлатлари аралашди. Хусусан, Россия можарони тинч йўл билан ҳал қилишни ва баҳсни Гаага судига юборишни таклиф қилди. Бироқ 26 июль куни Австрия-Венгрия ультиматум талаблари бажарилмаганини айтиб, ўз армиясини Сербия чегарасига олиб келди. 28 июлда Сербияга қарши уруш эълон қилинди ва Белград ўққа тутилди. Бу вазиятда Россия империяси Сербиянинг босиб олинишига жим қараб тура олмади. 31 июлда Россия армияга умумий сафарбарлик эълон қилди. Воқеалар ривожини жимгина кузатиб турган Германия агар Россия сафарбарликни тўхтатмаса, уруш эълон қилишини билдирди. Россия бунга жавоб бермади ва ҳарбий ҳаракатларни давом эттирди. Шундан сўнг Германия 1 август куни Россияга, 3 август куни Францияга уруш эълон қилди. Бунга жавобан 4 август куни Англия Германияга уруш очди. Шу тариқа Биринчи жаҳон уруши бошланиб кетди.

Уруш дастлаб Европа минтақасида ёйилди. Бироқ тезда Европа чегарасидан чиқиб кетди. 1914 йил 23 август куни Япония Германияга уруш эълон қилди. 1 ноябрь куни Туркия ҳам Германия томонидан урушга қўшилди. Шундай қилиб, Европада бошланган уруш 38 та давлатни қамраб олди.

“Шлиффен режаси”

Германия урушни барчадан кўра кўпроқ истади. Ҳатто, олдиндан ҳужум учун махфий режалар тузиб, уни амалга ошириш учун қулай фурсат кутди. Бу махфий режа “Шлиффен режаси” деб номланган. Унга кўра, Германия бетараф Бельгия ҳудуди орқали Францияга бостириб кириб, Францияни яшин тезлигида тор-мор қилганидан кейин бутун кучи билан Россияга ҳужум қилиши керак эди. Германия бош штаби “Россия ҳужумга ўтиш учун ўз қўшинларини олти ҳафтада жанговар ҳолатга келтиради” деб ўйлаган. Император Вильгельм II ўз генералларига “Биз тушликни Парижда, кечки овқатни эса Петроградда қиламиз”, деган эди.

Ғарбий фронтда уруш 2 август куни бошланди. Режага кўра, Германия армияси қисқа вақт ичида Люксембург ва Бельгия ҳудудларини босиб ўтиб, Франция чегарасига етиб келди. Дастлабки ғалабалар немис армиясини эсанкиратиб қўйди. Улар Ғарбий фронтда ғалаба қилганликларига ишончлари комил эди. Ҳатто, Вильгельм II “Барглар тўкилгунча ортга қайтамиз” деди. Бироқ кутилмаганда рус армияси Шарқий Пруссияга ҳужум бошлади. Бунинг оқибатида Германия ўзининг Ғарбий фронтдаги кучларининг бир қисмини Шарқий фронтга жўнатди. Бу ҳол Германиянинг келгусидаги ҳужумларига катта таъсир кўрсатди. Немисларнинг Парижни шимолдан айланиб ўтиш режаси чиппакка чиқди. Шундан сўнг Германия армияси йўналишни жанубга томон ўзгартириб, Марна дарёсига чиқди.

1914 йил 5-9 сентябрь кунлари Ғарбий фронтда асосий жанглар бўлиб ўтди. Бу тўқнашувда иккала томондан 2 миллион ҳарбий қатнашди. Тўқнашувнинг биринчи куни фронтнинг айрим нуқталарида немис армияси ҳимояга ўтишга мажбур бўлди. Кун сайин Германиянинг аҳволи оғирлашиб борди. 9 сентябрь куни генерал Бернхард фон Мольтке немис армиясига Марна дарёсининг ортига чекинишга буйруқ берди.

Шарқий фронтдаги ҳолат

1914 йил иккита йирик жанг – Шарқий Пруссия операцияси ва Галиция жанги бўлиб ўтди. Бу жанглар пайтида рус армияси Австрия-Венгрия қўшинларини мағлубиятга учратди. Бундан хавотирга тушган Германия 1915 йилнинг бошида Ғарбдаги асосий кучларини Шарқий фронтга кўчиришга мажбур бўлди. 1915 йил 2 май куни Германия армияси Шарқий фронтда ҳужумга ўтиб, русларнинг ҳимоя чизиғини ёриб ўтди. 1915 йилнинг июль ойида немис қўшинлари Латвия ва Польшага ҳужум бошлади. Август ойида Варшава забт этилди. Шундан сўнг Шарқий фронтда позицион жанглар бошланди.

Кимёвий қурол

1915 йилнинг бошида Ғарбий фронтда ҳам фаол ҳужум ҳаракатлари бошланди. Жанглар, асосан, Ипр дарёси яқинида бўлиб ўтди. Бу ерга немислар эҳтиёткорлик билан кўплаб газ тўлдирилган баллонларни олиб келиб, фронт бўйлаб 6 километр масофага жойлаштириб чиқди. Баллонларда нафасни бўғувчи газ – хлор бўлган. Немислар қулай фурсатни кутиб, 22 апрель куни инглиз ва француз қўшинлари томонга шамол эсган вақтда ўзлари ҳимоя ниқобини тақиб, газ баллонларининг жўмрагини очди. Атрофга яшил-сариқ рангли туман тарқала бошлади. Газ ҳужуми оқибатида душман томондан 15 минг аскар заҳарланиб, шулардан 5 минг нафари вафот этди.

QALAMPIR.UZ Биринчи жаҳон урушининг боришини ёритишда давом этади. Навбатдаги мақоламизда 1915-1918 йиллар оралиғида бўлиб ўтган жанглар, Италия ва АҚШнинг урушга қўшилиши ҳамда Туркистон ўлкасига жаҳон урушининг таъсири ҳақида сўз юритамиз.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

555

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг