Дунё аҳолисининг 37 фоизи ҳеч қачон интернетдан фойдаланмаган

Олам

image

Ҳозирги кунда  дунё аҳолисининг 37 фоизи ёки 2,9 млрд одам Интернетга умуман уланиш имкониятига эга эмас. Бу ҳақда Халқаро Электралоқа иттифоқи (ХЭИ) томонидан эълон қилинган янги ҳисоботда айтилган.

Қайд этилишича, ҳали ҳам Интернетга кирмаган 2,9 миллиард одамнинг 96 фоизга яқини ривожланаётган мамлакатларда яшайди. Интернет фойдаланувчилари ҳисобланган 4,9 миллиард одам орасида ҳам юз миллионлаб одам тез-тез интернетга кириш имконига эга эмас.

“Ҳозирда дунё аҳолисининг деярли учдан икки қисми Интернетга уланган, бироқ ҳаммани унга улаш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак. ХЭИ қолган 2,9 миллиард одамни ҳам Интернетга боғлаш учун керак бўладиган тизимли механизмлар мавжудлигини таъминлаш мақсадида барча томонлар билан ишлайди”, деган Иттифоқ Бош котиби Хоулин Чжао.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, сўнгги икки йилда Интернетдан фойдаланувчилар сони 17 фоизга ошган. Кўпчилик уланишга мажбур бўлди, чунки бу ўқиш, ишлаш, янгиликлар олиш ва коммунал хизматларни тўлаш учун ягона имконият эди. Лекин ҳамма ҳам тегишли телефонлар, компьютерлар ёки ноутбукларни сотиб олишга ёки Интернет хизматлари учун ҳақ тўлашга қодир эмас. Компьютерлар, телефонлар ва бошқа қурилмалар нархлари, шунингдек уланиш хизматларининг нархи Интернетга кириш учун жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида интернетга уланиш нархи аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизи ёки ундан кўпроғига етади.

Шунингдек, дунё миқёсида шаҳар аҳолиси орасида Интернетдан фойдаланувчилар сони қишлоқ жойлардагидан деярли икки баравар кўп бўлиб қолмоқда.

Интернетдан фойдаланувчилар ўртасидаги ёш тафовути ҳам  яққол кўзга ташланмоқда. Масалан, 15-24 ёшдаги аҳолининг 71 фоизи қолган ёшдаги одамларнинг эса 57 фоизи интернетдан фойдаланади.

Ҳисоботда қайд этилишича, жорий йил охиригача интернетга уланган аҳоли сони қарийиб беш миллиардга етади. Ўтган йили бу кўрсаткич 4,1 миллиардни ташкил этган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

34

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг