Дўконлар ва кафелар сабаб йўловчилар автобусни қуёш ёки ёмғир остида кутмоқда – ИҲҲА

Жамият

image

Бугунги кунда автобус бекатлари муаммоси нафақат пойтахт аҳолиси, балки республика ҳудудлари аҳолиси учун ҳам энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу республикадаги 850 дан ортиқ жамоат транспорти  бекатларининг ҳолати бўйича жойига чиққан ҳолда олиб борилган ўрганиш натижаларида маълум бўлди, деб хабар бермоқда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги (ИҲҲА).

Таъкидланишича, Агентлик ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан автобус бекатлари “Автомобиль йўлларидаги автобус бекатлари” “O’zDSt3196:2017” умумий техник стандарт талабларига мувофиқлиги жиҳатидан жойида ўрганилган. Ўрганиш натижаларига кўра, бекатларнинг 91 фоизида, яъни 711 та бекатда автобусларнинг йўналиш маршрутлари схемаси ва жамоат транспортининг ҳаракатланиш жадвали мавжуд эмаслиги аниқланган.

“Жамоат транспорти йўловчилари учун бекатлардаги қулайлик жуда муҳим. Юқоридаги меъёрий ҳужжатда йўловчилар учун жамоат транспортини кутиш вақтида зарур бўлган жиҳозлар аниқ кўрсатилган. Автомобиль йўллари тоифасига қараб, автобус бекатларида қуйидаги элементлар бўлиши керак: чиқиш майдончаси, тушиш майдончаси, кутиш жойи, ўтиш чизиқлари, автобуслар тўхташи учун йўлнинг махсус кенгайтирилган қисми, ажратувчи чизиқ, тротуар ва пиёдалар юриш йўлакчалари, пиёдалар ўтиш жойи, автопавильон, ўриндиқлар, чиқинди учун қутилар ва ёритиш ускуналари бўлиши лозим”, дейилади Агентлик хабарида.

Давлат стандартига кўра, автопавильон автобус келишини кутаётган йўловчиларни ноқулай об-ҳаво ва иқлим омиллари таъсиридан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган. Автопавильон ёпиқ ёки очиқ турдаги соябон шаклида бўлиши мумкин. Автопавильоннинг ўлчами автобус бекатида, тиғиз пайтда, бир вақтнинг ўзида йўловчилар сони ҳисобга олинган ҳолда, 4 киши 1 м2 ҳисобида аниқланади.

Бироқ, ўрганишларнинг кўрсатишича, аксарият автобус бекатлари даромад олиш шохобчаларига айлантирилган. Бекатларнинг ҳажми кичиклиги ва уларнинг майдонларини дўконлар, фаст-фуд, кафелар эгаллагани сабабли истеъмолчилар автобусларни асосан қуёш ёки ёмғир остида кутишларига тўғри келмоқда. Бу истеъмолчиларнинг норозилигига ҳам сабаб бўлмоқда.

“Замонавий автобус бекатларининг яна бир муҳим муаммолардан бири – ногиронлар аравачаси учун пандусларнинг мавжуд эмаслиги. Ногиронлар ёки болалар аравачаси бўлган ота-оналар автобус бекатидан қандай фойдаланишлари керак?

“Автомобиль йўлларидан автобус бекатлари” стандарт талабларида автобус кутиш бекатида чиқинди қутилари ўрнатилиши кераклиги аниқ кўрсатиб ўтилган. Улардан бири ташқарида, иккинчиси эса кутиш майдонига жойлаштирилиши лозим”, дея қайд этилган.

Бундан ташқари, автобус бекатларидаги ўриндиқларнинг етишмаслиги билан бир қаторда, оддий тозаликка риоя этиш ҳанузгача муаммо бўлиб қолмоқда. Юқоридаги ҳужжатга асосан, автобус бекатлари ўриндиқлар билан, бири – павильонда, иккинчиси кутиш жойида, 10 м2 майдонга 1 та ўриндиқ ҳисобида жиҳозланган бўлиши керак. 

“Пойтахт маркази ва унга яқин атрофдаги ҳудудларда вазият озми-кўпми яхши бўлса, марказдан узоқроқ жойлашган ҳудудларда бекатларнинг ҳолати талаб даражасида эмас. Агентлик ўтказган ўрганиш натижалари буни исботлади”, дейилади хабарда.

Шунингдек, умумий техник талабларга мувофиқлиги ўрганилган 850 та автобус бекатининг 62,9 фоизида чиқиндилар учун қутилар ва 37,2 фоизида кутиш зали мавжуд эмас. 36,5% бекатларда йўловчилар учун ўриндиқлар етарли эмас, 31,6% бекатда йўловчилар ўриндиғи умуман йўқ, 245 та ҳолатда (28,9 фоиз) эса кутиш хоналари белгиланган санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган.

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўрганиш натижалари Транспорт вазирлигига, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси ва вилоят ҳокимликларига юборилишини маълум қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

97

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг