ДХХ пойтахт, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ноқонуний ер сотаётганларни ушлади

3-саҳифа 4308

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳри, Хоразм ва Тошкент вилоятларида ўтказган тезкор тадбирларида ноқонуний ер савдоси билан шуғулланаётган шахслар ушланди.

Хусусан, Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими 1990 йилда туғилган маҳаллий фуқаро билан келишган ҳолда, Урганч туманидаги МЧЖ балансида бўлган 30 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс номига танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, улар сўралган пулдан 30 минг АҚШ долларини олган вақтларида ушланган.

Хоразмда кузатилган яна бир ҳолатда эса Хива шаҳрида яшовчи, 1984 й.т. фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга Урганч шаҳри ҳудудидан 2 сотих ер майдони олиб бериш учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи, 1992 ва 1993 йилларда туғилган икки нафар фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалик балансида бўлган 1,9 гектар ер майдонини олиб бериш эвазига 605 минг АҚШ доллари талаб қилишган.

ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида, улар сўралган пулдан 60 минг АҚШ долларини аванс сифатида олган вақтларида қўлга олинган.

Тошкент вилоятида аниқланган ҳолатда маълум бўлишича, Чиноз туманида яшовчи, 1965 й.т. фуқаро ўғлига тегишли бўлган, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 1,8 гектар ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 25 минг АҚШ доллари талаб қилган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Наманганда солиқ инспекцияси бошлиғи 15 минг доллар пора билан ушлангани ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 3.1
t
×