ДХХ фуқародан 1,5 млн доллар талаб қилган ҳокимлик мансабдорини ушлади

Жамият

image

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ноқонуний ер савдоси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ҳокимлигининг мансабдор шахсларидан бири ноқонуний даромад олиш мақсадида, 1978 ва 1980 йилларда туғилган икки нафар фуқаро билан келишган ҳолда, тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахснинг ишончига кирган.

Унга пластик трубалар ишлаб чиқарувчи завод қуриши учун юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан 12 гектар ер майдони олиб бериш эвазига 1 млн. 560 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбири давомида, улар Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида аванс сифатида 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Яна бир бошқа ҳолатда ҳам фирибгарлик йўли билан ўзганинг пул маблағини ўзлаштирмоқчи бўлган банк ходими ушланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Марказий банкининг Тошкент шаҳар бошқармаси ходими Тошкент вилоятида яшовчи фуқарони ҳокимият тизимида ишловчи танишлари орқали 2022 йилнинг март ойига қадар Тошкент шаҳрида субсидия ҳисобидан уй-жой олувчилар рўйхатига киритиш ҳамда уй-жой олишида кўмаклашиш эвазига, ундан 2000 АҚШ доллари олган вақтида ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан ушланган.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168 ва 28, 211-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

517

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг