Диққат, сохта ОТМ! Инспекция абитуриентларни огоҳлантирди

Жамият

image

Сўнгги пайтларда айрим қўштирноқ ичидаги ўзини “нодавлат олий таълим ташкилоти” ёки “хорижий олий таълим ташкилотларининг филиали” деб танитиб, халқ орасида турли хил ижтимоий тармоқларда ва ОАВда, реклама роликларида ўзининг ёлғонлари, ғараз мақсадлари йўлида ёшларни чалғитиш, алдаш ҳолатлари учрамоқда. Шу сабабдан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси огоҳ бўлишга чақирди.

Янги ўқув йили бошланганига 3 ой бўлган бўлсада, 2019/2020 ўқув йили учун ўқишга киришга абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш жараёни давом этаётганлиги ва ушбу хизмат учун пул ундирилаётганлиги, контракт шартномалари тузилаётганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва яқинлари томонидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Хусусан, фуқаролардан бўлаётган мурожаатларга кўра Россия Федерациясининг айрим олий таълим муассасалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий таълим беришга рухсат берувчи ҳужжатларга эга бўлмай туриб, абитуриентлардан ҳужжат қабул қилмоқда.

Жумладан:

•    Томск давлат бошқарув тизимлари ва радиоэлектроника университети
•    Молия, иқтисод ва захирадаги офицерлар ҳуқуқи институти
•    “Тадбиркорлик олий мактаби” хусусий олий таълим муассасаси
•    “Шарқий-Европа институти” ” хусусий олий таълим муассасаси
•    “Сибир бизнес ва ахборот технологиялари институти” нодавлат олий таълим муассасаси ва бошқалар.

Қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ, нодавлат таълим ташкилоти сифатида Таълим инспекцияси рўйхатидан ўтмаган нодавлат таълим ташкилотлари томонидан берилган таълим олганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар юридик ҳуқуққа эга эмас. 

Таълим инспекцияси фуқароларни ҳаққоний ва шаффоф маълумот билан таъминлаш ҳамда уларнинг фаолият билан шуғулланиш ваколатига эга бўлган таълим ташкилотларидаги таълим сифати бўйича маълумотларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Ўзбекистонда аккредитацияланган ва дипломи тан олинадиган олий таълим муассасалари рўйхатини эълон қилиб бормоқда. Қуйидаги ҳавола орқали рўйхат билан танишишингиз мумкин.

Маълумот учун, Ўзбекистонда таълим хизматлари кўрсатиш бозорида соғлом рақобатни шакллантириш таълим тизимини ривожлантиришнинг асосий стратегик йўналишлари сифатида бири белгиланди. Хусусан, нодавлат таълим ташкилотлари тармоғини янада ривожлантириш, ушбу соҳага давлат-хусусий шерикликнинг турли шаклларини самарали жорий этиш ҳамда давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини яратиш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда. 

Таълим фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия олиш муддати 30 кундан 10 кунга қисқартирилди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан давлат хизматлари орқали ҳужжатларни фуқаро ўз яшаш ҳудудидан электрон кўринишда топшириш имконияти яратилди.


Мақола муаллифи

Теглар

ОТМ қабул абитуриент

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг