Депутатлар “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Жамият

image

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун, 15 сентябрь куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар янги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиб, қабул қилдилар. 

Қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Руслан Давлетовнинг ва масъул қўмитанинг маърузалари эшитилди.

Лойиҳа юзасидан сўзга чиққан депутатлар Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва бошқа халқаро ҳужжатларда ўрнатилган талаблар, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг, Инсонийлик мезонлари бўйича ЕХҲТнинг тавсиялари лойиҳада ўз аксини топгани, шу билан бирга, лойиҳани ишлаб чиқиш жараёнида халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва диний қадриятлари, бугунги кун воқелиги ҳам инобатга олинганлигини айтган. 

Лойиҳада соҳага оид муносабатларни тартибга солиш ягона қонунга бирлаштирилиб, кўпгина атама ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда, ваколатли давлат органларининг вазифалари аниқлаштирилмоқда.

Диний ташкилотларнинг давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб таомиллари енгиллаштирилиб, амалда бўлган қонундаги бир қатор чекловлар олиб ташланмоқда. Шу билан бирга диний ташкилотларга бир қатор қўшимча кафолатлар ўрнатиш қонун лойиҳасида ўз аксини топган. Жумладан, қонун бузилишга йўл қўйган диний ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туриш фақат суд тартибида амалга оширилиши ва уларга камчиликни бартараф этишга 6 ойгача имконият бериш каби қўшимча кафолатлар белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасига келиб тушганидан сўнг уни биринчи ўқишга тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. 

Депутатларнинг сўзларига кўра, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, мамлакатда динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатликни таъминлашга, шунингдек, фуқароларнинг диний ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга ҳамда жамиятда виждон эркинлиги ва диний бағрикенглик тамойилларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг