Дарс ўтган ҳокимлар, Тошкентга келган электробус, имтиёзи камайган имтиёзли кредит ва бошқа хабарлар

Жамият

4 сентябрь санаси ҳам охирлаб боряпти. Қуйида бугун дунёда ва Ўзбекистонда юз берган энг муҳим воқеаларга тўхталиб ўтамиз.

ТИВ Туркияга кетаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги айни вақтда Туркияда бўлган ва у ерга бормоқчи бўлган ўзбекистонликларга огоҳлантириш билан чиқди.

Суд 11 ёшли қизнинг никоҳини бекор қилди (видео)

Эроннинг Кўҳлигуеҳ ва Буюр Аҳмад провинцияси суди ижтимоий тармоқларда видеоси тарқалган катта эркак ва кичик ёшли қиз ўртасидаги никоҳни бекор қилди.

Маълумотларга кўра, қизнинг ота-онасини судга чақиришган. Улар тақдим этган туғилганлик гувоҳномасига кўра, қиз 11 ёшда бўлган. Куёв эса 22 ёш. Оиланинг сўзларига қараганда, янги келин-куёв бир-бири билан танишиб олиши учун вақт берилиши, улар дарҳол эр-хотин сифатида биргаликда яшаши керак бўлмаган. 

Собиқ вазир дунёдаги энг хавфли давлатни айтди

AҚШ собиқ Мудофаа вазири Жеймс Мэттис Покистонни жамиятни радикаллашиши ва ядро потенциалининг жадал ривожланиши сабабли дунёдаги энг хавфли мамлакат деб билишини айтди.

Кеча, 3 сентябрь  куни Пентагон собиқ раҳбарининг " Call Sign Chaos: Етакчиликни ўрганиш" китоби сотувга чиқди. Унда Мэттис шундай деб ёзган: "Мен муомала қилган барча мамлакатлардан Покистонни энг хавфли деб биламан."

“Прокуратура ходими” 9 йилга қамалди

Сирдарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судида ўзини прокурор деб, одамларни алдаб, пулини олган фуқарога  ҳукм ўқилди. Сирдарё вилояти Жиноят ишлари бўйича Ховос туман суди раиси О.Набиевнинг маълум қилишича, айбдор Икром Тешабоев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ўзини прокуратура тизимида ишловчи ходим деб, 3 та жиноятни амалга оширган.

Долларнинг расмий курси яна қимматлади

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки 5 сентябрдан хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан янги қийматини белгилади.

Унга кўра, 1 АҚШ доллари 9384,57 сўмга тенг бўлиб, ўтган ҳафтадагига нисбатан 10,64 сўмга қимматлади.

Арзон уй-жой учун кредитнинг имтиёзли даври қисқартирилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, жисмоний шахсларга қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун кредитлар 20 йил муддатга2 йиллик имтиёзли давр билан (ҳозирга қадар 3 йиллик), биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз, кейинги даврда қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида (ҳозир 16 фоиз) берилади.

Қозоғистонда 23 йил қул бўлган Зуҳра

23 йилдан сўнг, Қозоғистонга ишлаш учун кетган Зуҳра Болтоева Қирғизистонга қайтиб келди. Зуҳра Болтоеванинг опаси Соня Болтоева синглисининг яқинда руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилгани, унинг 27 ёшли ягона ўғли уни бир марта кўргани ва онаси билан гаплашмаганини таъкидлади.

Ҳоким ўринбосарини ёқиб юборган яккабоғлик тадбиркор иши судга жўнатилди

Қашқадарё вилояти прокуратураси томонидан Баҳриддин Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланди. Баҳриддин Исомов ЖКнинг 25, 97-моддаси 2-қисми “г,л” бандлари билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, суднинг ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида “қамоқ” қўлланилган.

Зафар Рўзиев ва Шуҳрат Ғаниев мактабларга бориб, дарс ўтди

Бугун, 4 сентябрь куни Ўзбекистонда фаолият юритаётган 9904 та давлат умумтаълим мактабларида 2019-2020 ўқув йили бошланди. 

2019-2020 ўқув йилида мактабларда жами 6,16 млн нафар ўқувчи таҳсил олади. Ўтган ўқув йилига нисбатан бу йил ўқувчилар сони 338,56 минг нафарга кўп. Шундан 620 минг нафардан ортиқ ўқувчилар илк бор 1-синфга қадам қўйди. Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев ва Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев бугун мактабларга бориб, “Мустақиллик дарси”ни ўтиб берганлар. 

Суд Aтамбоевга оид шикоятни рад этди

Бугун, 4 сентябрь куни Бишкек шаҳар суди Қирғизистоннинг собиқ Президенти Aлмазбек Aтамбоевни ҳибсга олиш тўғрисида қарор қабул қилди. Собиқ давлат раҳбарининг адвокати Сергей Слесаревнинг маълум қилишича, Бишкек шаҳар суди собиқ Президентни ҳибсга олиш ва ҳибсга олишнинг ноқонунийлиги ҳақидаги шикоятни рад этган. 

Тошкентдаги йўналишлардан бирига электробус олиб келинди

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ ва Беларуснинг “Белкоммунмаш” компанияси ўртасидаги меморандумга асосан Тошкент шаҳри жамоат транспорти ҳаракат таркибида электробусларни синов тариқасида юргизиш режалаштирилган эди. Шунга мувофиқ бир дона ана шу турдаги транспорт воситаси Тошкент шаҳрига келтирилди. 

Ботир Зокиров Қурилиш вазири лавозимига тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигига раҳбар тайинланди. Бугунгача Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётган Ботир Эркинович Зокиров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 31 августдаги Фармонига биноан Қурилиш вазири лавозимига тайинланган. 

Биологлар рад этган ҳодиса юз берди

Темза дарёси қирғоқларида яна тюленлар кўпая бошлади. 2018 йилда Темза дарёси қирғоқларида 183 та тюлень боласи дунёга келган. Бу  биологларни жуда ҳайратда қолдирди, чунки етмиш йил давомида дарё қирғоқлари “биологик ўлик”, деб топилган.

Маълумотларга қараганда, оддий ва узунтумшуқ тюленлар сони ўсиб бормоқда. Аммо мутахассислар бундай кўпайиш табиий йўл биланми ёки миграция туфайли эканини ҳозирча аниқлагани йўқ.

Марказий Осиёдаги энг қашшоқ давлат номи эълон қилинди

Жаҳон Банки Марказий Осиё учун муҳим бўлган таҳлил натижаларини эълон қилди. Унда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги қайси давлат иқтисод жиҳатидан ортда қолаётгани ва қашшоқ экани акс этган. 

Жаҳон банки таҳлилчиларининг таъкидлашича, Тожикистон сўнгги йигирма йил давомида ўсиш ва бошқа ютуқларга қарамай Европа ва Марказий Осиё минтақасида иқтисоди энг паст кўрсаткичларга эга давлат бўлиб қолмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг