“Дада, менга ишонинг, ютуқ билан қайтаман”. 19 ёшли чемпион — Улуғбекнинг отаси билан суҳбат

Интервью 14616
image

Аввалроқ хабар берганимиздек, бугун, 9 август куни Ўзбекистон Олимпия делегацияси Япония пойтахти Токио шаҳридан Тошкентга учиб келди. 

Тошкент Халқаро аэропортига спортчиларни кутиб олиш учун уларнинг ота-онаси, жумладан, Олимпиада чемпиони Улуғбек Рашидовнинг отаси — Исматилла Рашидов ҳам ташриф буюрган. Спортчиларни кутиш жараёнида QALAMPIR.UZ мухбири таэквондочининг отаси билан суҳбатлашди. Исматилла Рашидов ўғлининг чемпионлиги ҳамда ёшлигидаги характерлари бораси фикрлари билан ўртоқлашди. 

“Биласизми, ўғлимнинг ютуғидан нафақат мен, балки бутун халқимиз жуда хурсанд бўлиб кетди. Ўғлим чемпион бўлганидан бери мана ҳозиргача телефоним тинмаяпти, ҳамма қўнғироқ қилиб мени ва ўғлимни табриклаяпти”, дейди Рашидовнинг отаси.

Исматилла Рашидовнинг сўзларига кўра, чемпион айнан таэквондо сабаб кўп марта оилавий саёҳат-у меҳмондорчиликлардан қолиб кетган.

“Ўғлимнинг характери ҳаётда жуда юмшоқ. 6 ёшидан бери унинг мураббийи Павел Хан уни шу тарзда ўстирган, у жуда кучли мураббий. Ўғлим ҳаттоки, мен билан бирор жойга бора олмасди, оилавий саёҳат-у меҳмондорчиликлар мана шу спорти ҳамда мураббийининг қаттиққўллиги сабаб қолиб кетарди. Унинг ўзи шу нарсага қизиққан, кўплаб ютуқларга эришган ва чемпионлик руҳида ўсган”, дейди чемпионнинг отаси.

Бахтиёр отанинг айтишича, Улуғбек Рашидов мураббийи йўқ пайтида ҳам машғулотларни тўхтатмаган. 

“Ҳатто, мураббий йўқ пайтида ҳам уни кутиб ўтирмай, ўзи шуғулланаверарди. Шу туфайли, кўпчилик ёшларга буни маслаҳат берар эдим. Мураббийсиз ҳам машқларни тўхтатмасангизгина ютуқларга эга чиқасиз”, дейди у.

Исматилла Рашидовга кўра, Улуғбек одатда катта мусобақалар олдидан ютуқ билан қайтишини айтади.

“Ўғлим билан одатда катта мусобақалар олдидан гаплашганимизда, у “дада, менга ишонинг, мен ютуқ билан қайтаман”, дерди. Олимпиада олдидан ҳам худди шу гапларни айтган эди. Мана у ўз сўзининг устидан чиқиб, юртимизга олтин медаль билан қайтди”, дейди Рашидовнинг отаси.

Эслатиб ўтамиз, 68 кг вазн тоифасида Улуғбек Рашидов Токио-2020 Олимпиадаси финалида британиялик Бредли Синденни 34:29 ҳисобида таслим этди ва олтин медалга эга бўлди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 506
Рейтинг: 3
t
×