Чекка ҳудудларда ишлашга борган тиббиёт ходимларига 30 млн сўм берилади

Жамият

image

2021 йилдан бошлаб республиканинг олис ва чекка ҳудудларига ишга борган шифокорларга бир марталик 30 млн сўм ва ижара тўлови учун ҳақ тўланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президнтининг “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланган.

Фармонга мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун “Қишлоқ шифокори” дастури жорий қилинади ва “Қишлоқ шифокори” дастури доирасида:

•    тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилади ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари Давлат бюджетидан компенсация қилинади;

•    олис ва чекка ҳудудлар рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

•    Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари томонидан олис ва чекка ҳудудлардаги шифокорларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб бўш шифокор иш ўринлари рўйхати тузилади ва мунтазам янгиланиб турилади;

•    мазкур бандда кўрсатилган имкониятлардан фойдаланиш учун шифокорлар билан Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари ўртасида шартнома тузиб борилади.

“Қишлоқ шифокори” дастурини молиялаштириш Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоят ҳокимликлари оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги шифокорларга бўлган эҳтиёжларни ва талабгорларни ҳар бир маҳалла кесимида аниқлаб чиқадилар ва уларга уй-жой ажратиш ва маблағ беришни таъминлайдилар.

Туман ҳокимлари ва тижорат банклари билан бирга ипотека дастурлари асосида қурилаётган уй-жойларни, биринчи навбатда, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинаётган шифокорлар учун ажратишни таъминлайди.

Шу билан бирга Молия вазирлиги ССВ билан биргаликда мазкур бандда кўрсатилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун келгуси йилда Давлат бюджетидан 20 миллиард сўмгача маблағ ажратади.


Мақола муаллифи

Теглар

тиббиёт

Баҳолаганлар

99

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг