Бутунжаҳон Универсиада ўйинларида ўзбекистонликлар ғолиблар сафида эмас

Спорт

image

Хабарингиз бор, айни кунларда Италиянинг Неаполь шаҳрида талабалар ўртасида Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари ўтказилмоқда. 

Ушбу нуфузли спорт анжуманида дунёнинг 112 та мамлакатидан қарийб 6 минг нафар спортчи талаба 18 та спорт тури бўйича 222 дона медаллар шодаси учун баҳсларга киришди. Улар сафида ўзбекистонлик ёшлар ҳам ғолиблик учун кураш олиб бормоқда.

Шу пайтгача мусобақанинг олти кун давомида ўтказилган беллашувларида ўзбекистонлик талаба-спортчилар бор-йўғи 4 та бронза медалини қўлга кирита олишди.

Бугунги баҳсларда ҳам ўзбекистонликлар совриндорлар орасидан жой олишмади. Улар WTF, енгил атлетика, теннис, камондан отиш бўйича ўз омадларини синаб кўришди. Афсуски, таэквондочилар бугун ҳам муваффақият қозона олишмади, Суҳроб Бобобеков (эркаклар, -58 кг) ҳамда Нигора Турсунқулова (аёллар, -67 кг) ўз вазн тоифаларида совриндорлар сафидан четда қолди.

Ҳозирча ўзбек талаба-спортчиларига шоҳсупанинг юқори поғонасига кўтарилиш насиб этмаяпти. Натижа бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ҳозирча норасмий умумжамоа ҳисобида Туркия билан бирга 29-30-ўринни эгаллаб турибди.

Медаллар жамғариш борасида ҳозирча япониялик талабалар пешқадамлик қилмоқда. Улар шу кунгача 42 та (19 та олтин, 12 та кумуш ва 11 та бронза) медалга сазовор бўлишган. Бу борада 20 та (14-5-1) медаль билан хитойликлар иккинчи поғонани эгаллаб турибди. Кучли учликка АҚШ терма жамоаси якун ясаб беради. Улар ҳозиргача 12 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза медалини қўлга киритишган.


Мақола муаллифи

Теглар

Неаполь шаҳри Бутунжаҳон Универсиада ўйинлари

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар