Бўстонлиқда алоҳида бошқарув тизими жорий этилади

Жамият

image

2022 йил 31 декабрга қадар Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида алоҳида маъмурий-бошқарув тизими жорий қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Бўстонлиқ туманида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш орқали туризмни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.

Алоҳида маъмурий-бошқарув тизими доирасида:

Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси дирекцияси (кейинги ўринларда – Дирекция) директори лавозимини эгаллайди, шунингдек, Бўстонлиқ тумани (кейинги ўринларда –туман) ҳокимлиги фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бунда, Бош вазир ўринбосари – Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси:

•    туман ҳокими ва унинг ўринбосарлари, шунингдек, давлат бошқаруви органларининг туман бўлинмалари раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод этиш бўйича таклиф киритади;

•    туман ҳокимлиги бошқарув аппарати ва давлат бошқаруви органлари туман бўлинмаларининг тузилмаларига ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

•    Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарор ва топшириқларини туманда масъул ташкилотлар томонидан ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилади, шунингдек, камчиликларга йўл қўйган масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан лавозимидан озод этишгача бўлган чоралар кўриш бўйича таклиф киритади;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида туманда жойлашган аҳолининг дам олиш ва саломатлигини тиклаш билан боғлиқ давлат мулки объекти бўлган дам олиш уйлари, пансионатлар, санаторийлар ва бошқа объектлар, шунингдек, туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари Дирекцияга кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) реализация қилиш учун ўтказилади.

 “Чорвоқ” эркин туристик зонаси (кейинги ўринларда – эркин туристик зона) ҳудудида жойлашган ҳамда ушбу банднинг “б” кичик бандига асосан Дирекцияга ўтказилган давлат мулки объектлари ва ер участкаларини реализация қилиш Дирекциянинг қарорига асосан электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари ер фондини бир тоифадан бошқасига ўзгартириш, уни туристик инфратузилмани ривожлантириш учун ажратиш эркин туристик зона Маъмурий кенгашининг қарорига асосан амалга оширилади. Бунда, ер участкалари эгаларига Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларидан фаолият турига мос ер участкаси ва етказилган зарарни қоплаш назарда тутилади.

Туманда жойлашган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини юритиш учун электрон онлайн аукцион орқали сотувга қўйиш Дирекция қарорига мувофиқ амалга оширилади.

Эркин туристик зона ҳудудида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун ер участкасини сотиб олган инвесторларга ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқлари истисно тариқасида Тошкент вилояти ҳокимининг алоҳида қарори қабул қилинмасдан расмийлаштирилади.

Туманда (эркин туристик зона ҳудудида жойлашган ер участкалари бундан мустасно), шу жумладан, ўрмон фонди ерларида ер участкаларини ажратиш, кўчмас мулкни бузиш, муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани қуриш билан боғлиқ қарорлар Дирекция билан мажбурий тарзда келишилади.

Туман ҳокими тўғридан-тўғри Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади, туман прокуратураси, ички ишлар ва солиқ бўлинмаларининг раҳбарлари эса мақоми, шу жумладан, меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари бўйича тегишлича ушбу давлат органларининг республика даражасидаги раҳбарлари ўринбосарларига тенглаштирилади.

Барча давлат бошқаруви органларининг республика даражасидаги раҳбар (ўринбосар)ларидан бири бир вақтнинг ўзида уларнинг тумандаги тегишлича ҳудудий бўлинмалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш учун бириктирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

туризм Бўстонлиқ тумани

Баҳолаганлар

29

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг