“Буни қиёматда жавоби бор”. Муфтий нега ҳалигача Рамазон Ҳайити санаси эълон қилинмаганига изоҳ берди

Жамият

image

Бугун муқаддас Рамазон ойининг 28-куни, аммо Ўзбекистонда ҳамон Рамазон Ҳайити қайси кунга тўғри келиши расман эълон қилинмади. Кўпчиликни ўйлантираётган ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси - муфтий Нуриддин домла Холиқназаров бугун, 29 апрель куни Тошкентдаги “Сирож Солиҳ” масжидида қилган маърузасида изоҳ берди.

Мусулмонлар идораси раисига кўра, барчаси шариат қоидаларига биноан бўлиши ва миллионлаб мусулмонларга энг тўғри маълумотни етказишдаги масъулият сабабли жорий йилдан бошлаб Рамазоннинг бошланиши ва ҳайитларни аниқлашда ўзгача усулдан фойдаланилади. 

“Биз бу йил Аллоҳнинг марҳамати билан, азизлар бир суннатни адо қилдик — Ўзбекистон мусулмонлари идорасидаги Фатво бўлимини Фатво марказига айлантирдик. Аввал, Фатво бўлимида 3-4 нафар домла ишлаган бўлса, энди қарийб 15-16 нафар аҳли илм хизмат қилади. Олимлар, шариатни, фиқҳни яхши биладиган устозларни жамлаб, катта бир марказ қилдик — Фатво маркази. Мана шу марказ ичида ва ташқаридаги уламолар билан маслаҳатлашган ҳолда Ойларни кузатиб турувчи алоҳида Ҳайъат туздик. Энди Худо хоҳласа, фақатгина Рамазон ойининг ёки Зулҳижжа ойларини эмас, йил 12 ой Ойни кузатиб, намознинг вақтларини ҳам кўриб боради. Ҳозир шунга ҳаракат қиляпмиз”, дея тушунтирди муфтий.

Таъкидланишича, ҳозир, масъул Ҳайъат астроном ва фалакшунос олимлар билан бирга Рамазон Ҳайити кунининг аниғини ҳисоблаш билан машғул.

“Биз ҳозир, намоз вақтларининг ҳам асл-ҳақиқий, шариатга мувофиқ вақтларини белгилаш ҳаракатидамиз. Кўпчилик буни билмайди. Намознинг вақтларига эътироз билдирганлар ҳам бор. Ҳозир, Ҳайъатимиз астроном ва фалакшунос олимлар билан бирга ҳайит кунининг аниғини ҳисоблаш билан машғул. Эртага буни хулосасини қиламиз ва Ҳайитни ҳам ўшанга қараб эълон қиламиз. Бу осон иш эмас, азизлар. Миллион кишининг рўзасига жавоб беришлик муфтийнинг гарданида. Буни қиёматда жавоби бор. Шунинг учун, бу нарсага масъулият билан ёндашяпмиз, дуо қилиб турсаларингиз, Инша Аллоҳ матбуотларда Ҳайит кунининг аниғи, сиз азизларга еткизилади. Ва, албатта давлатимиз раҳбарининг ҳар йилгидек рамазон бўйича қарорлари ҳам эълон қилинади. Аллоҳ ҳаммамизга мана шу кунларни насиб қилсин”, дейди Нуриддин домла Холиқназаров.

Рамазон ҳайитининг биринчи куни ҳақидаги маълумотлар Уламолар Кенгаши томонидан кўриб чиқилади ва тегишли хулосалар қабул қилинади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда Рамазон ойи 2 апрелда бошланди ва 1 майгача давом этади. Ой кўринишида ўзгариш бўлмаса, Рамазон ҳайитининг биринчи куни 2 майга тўғри келади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга қўшни бўлган Тожикистоннинг барча шаҳар ва вилоятларидаги масжидларда ҳайит намози 2 май куни эрталаб соат 6:00 да ўқилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1831

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг