Бухорода газ йўқлигидан норози аҳоли автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти аҳолиси автомобиль йўлини тўсиб қўйгани тасвирланган видеолар тарқалди. Дастлабки маълумотларга кўра, одамлар шу йўл билан газ йўқлигидан нозорилик билдиришган.

Видеода норозилик иштирокчилари 20 нафар атрофидалигини, уларнинг кўпчилиги аёллардан иборат эканлигини кўриш мумкин.

Ушбу вазиятга “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали расмий муносабат билдирди. 

“Ижтимоий тармоқларда Бухоро туманининг "Шергирон" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси газ таъминоти тизимидаги муаммолардан норозилигини билдириб, йўлнинг қатнов қисмини тўсишга уринаётгани тасвирланган видеолавҳалар тарқалди.

Воқеа сабабларига ойдинлик киритиш учун "Hududgaz Buxoro" газ таъминоти филиали ходимлари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари ҳамда сектор раҳбарлари билан биргаликда аҳоли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг шикоятлари тингланди. Газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган масалаларни бартараф қилиш учун барча зарур чоралар кўрилди.

Таъкидлаш жоиз, шу кунларда Бухоро туманида аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилган. Бундай вазиятнинг юзага келишига "Соҳибкор" газ тақсимлаш станциясидаги иккинчи жўмракнинг ёпилиши сабаб бўлган. Оқибатда ҳудудга табиий газ етказиб берувчи қувурларда босим 6 дан 1,8 атмосферага тушиб кетган. Натижада, 1,3 мингдан зиёд аҳоли хонадони газ таъминотида қийинчиликларга дуч келди. 

Айни вақтда, аҳоли пунктига газ таъминоти тикланмоқда”, дейилади филиал Матбуот хизмати тақдим этган изоҳда.

Ўз навбатида, Бухоро туман ҳокимлиги ҳам мазкур вазиятга ойдинлик киритди.  

Бухоро тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилишича, видеоматериал Бухоро туманидаги “Работипоён” маҳалла фуқаролар йиғинида тасвирга олинганлиги маълум бўлди. 

Аниқланишича, 949 та хонадонда 5 минг 610 нафар киши истиқомат қилаётган “Работипоён” маҳалла фуқаролар йиғинида айни пайтда табиий газ босими пасайган. Мутахассислар буни об-ҳавонинг кескин тушиб кетиши натижасида газ истеъмоли кўпайиши ва оқибатда ҳудуд аҳолисининг аксарият хонадонларида табиий газ босимида муаммолар пайдо бўлганлиги билан изоҳлашмоқда. 

Дастлабки ўрганишлар жараёнида маҳалладаги газ маромлаш пунктининг соз ҳолатда эканлиги айтилмоқда. Ҳозирда газ босими билан боғлиқ муаммони бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 

Маълум қилинишича, бу борада батафсил ахборот берилади.


Мақола муаллифи

Теглар

газ аҳоли Бухоро

Баҳолаганлар

177

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг