Бугун ҳеч ким мухолифатни қўпорувчи куч сифатида тан олмайди – Сафоев

Интервью

image

Мухолифат қулай ва енгил қозониладиган нарса эмас. Мухолифат – доимий кураш. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Буюк Британияга сафари чоғида BBC ўзбек хизматига берган интервьюсида гапирган. 

Содиқ Сафоев билан суҳбатда журналист Ибрат Сафо мамлакатда ҳукм сураётган бугунги сиёсий муҳит, кутилаётган Президент сайлови ҳақида сўз очиб, амалдаги давлат раҳбари Мирзиёевнинг мухолифат халқ орасидан табиий равишда етишиб чиқиши кераклиги ҳақидаги гапларини ёдга олади. Аммо Термиз давлат университетининг собиқ ректори, профессор Хидирназар Оллақулов билан бўлган воқеалар мамлакатда мухолифатнинг табиий равишда чиқишига нисбатан тўсиқ сифатида кўрилишини ифода этади. Содиқ Сафоев Хидирназар Оллақулов тузаётган партия етарлича овоз тўплай олмаганини айтганда, журналист унга “балки, босимлар сабаб имзо тўплай олмагандир”, дея юзланади. 

“Бунга мен баҳо беролмайман. Лекин бир нарсани айтиш керак: мухолифат қандайдир қулай ва енгил қозониладиган нарса эмас. Мухолифат – доимий кураш. Мен ўйлайманки, бугун Ўзбекистонда ҳамма тушунади: мухолифат – бу жамиятнинг барқарор ривожланиши асосий факторларидан. Бусиз ёки танқидсиз, яъни муқобил фикрларсиз жамият ривожлана олмайди. Бугун Ўзбекистоннинг жамияти мухолифат бўлишидан манфаатдор”.

Жаноб Сафоевга кўра, мухолифат қонуний бўлиши ва мавжуд қонунларга риоя қилган ҳолда фаолият юритиши керак. 

“Бугун ҳеч ким мухолифатни қўпорувчи куч сифатида тан олмайди. Ва кимдир шундай қиладиган бўлса, бу нотўғри”. 

Унинг қайд этишича, бугун ОАВ, Парламент ва жамоатчилик тизимли мухолифатни барпо этиш устида ишлаши ва унга шароит яратиши керак. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йилнинг 28 декабрь куни мамлакатда табиий равишда мухолифат етишиб чиқиши кераклиги ҳақида гапирган эди. “Мен президент сифатида мухолифатга қарши эмасман, лекин халқнинг муаммоларини биладиган, барча муаммоларни [халқ билан] бирга бошдан кечирадиган, шу ернинг сувини ичиб, шу ернинг нонини ейдиган [мухолифат] ўзимизда пайдо бўлиши учун муҳит яратиш керак”, деган эди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Содиқ Сафоев

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг