БП тадбиркор прокуратурани тухматчиликда айблаган видеога изоҳ берди

Жамият

image

Жорий йилнинг 5 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Янгийўллик тадбиркор Б.Қ.нинг прокуратурадан норозилиги акс этган видеомурожаати тарқалди. Видеода фуқаро прокуратурани тухмат қилишда айблаб, бизнеси аслида депутат Расул Кушербоевга тегишли экани ҳақидаги иддаоларни рад этган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси мазкур видеога муносабат билдириб, бу мурожаат қайта тарқатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, бундан аввалроқ Бош прокуратура томонидан айни шу турдаги, бироқ бир муддат олдин қилинган арзнома юзасидан батафсил ўрганиш ишлари ўтказилган.

Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси томонидан Янгийўл туманидаги “Қўш-ёғоч олтин файз балиқлари” МЧЖга ажратилган балиқчилик ҳавзасидан қум-шағал аралашмасини ноқонуний олиб чиқиб кетиш ҳолати юзасидан ўтказилган текшириш ҳужжатлари асосида жорий йил 24 январда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, Янгийўл тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ўтказилган.

Тергов давомида ушбу жамият раҳбари Ж.З. акаси Б.Қ. билан жиноий тил бириктириб, балиқчилик фаолиятини ташкил этиш учун ажратилган 11,8 гектар ер майдонидан 600 млн. сўмлик 57,2 минг куб.метр қум-шағал аралашмасини қазиб олиб, тегишли лицензияга эга бўлмаса-да, қонунга зид равишда сотиб юбориб, талон-торож қилганлиги, бу орқали давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказганлиги аниқланган.

Шу сабабли Ж.З.га ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, ишнинг унга нисбатан қисми 4 май куни жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судига юборилган.

Айбланувчи Б.Қ.га эса, терговдан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жиноят иши Бош прокуратурада ўрганилганда иш бўйича депутат Расул Кушербоевга оид бирон-бир масала муҳокама қилинмаганлиги, унга алоқадор маълумот тўпланмаганлиги ёки у билан боғлиқ тергов ҳаракатлари ўтказилмаганлиги баён қилинган.

“Бош прокуратура ходимлари томонидан Ж.З. билан холис ўтказилган суҳбат давомида у терговда ундан Расул Кушербоев ҳақида ҳеч қандай маълумот сўраб-суриштирилмаганлигини, у ҳақида савол берилмаганлигини, унга қарши кўрсатма бериш талаби билан тазйиқ ўтказилмаганлигини билдирган”, дейилади хабарда.

Расул Кушербоев билан Бош прокуратурада ўтказилган суҳбатда баён этилган ҳар бир маълумот марказий маҳкаманинг ўзида ишга алоқадор шахсларни жалб қилган ҳолда, тегишли ҳужжатларни кўздан кечириш йўли билан тўлиқ текширилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг