Бошқа мамлакатларда қурилишлар тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам бўлди – Президент

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 26 декабрь куни Сергели тумани Қипчоқ кўчасида қурилган кўприкни кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур кўча “Тошкент-Ангрен” темир йўли билан кесишган. Бунинг устига тор бўлиб, автомобиллар ҳаракатига қийинчилик туғдирарди. Шу боис Қипчоқ кўчаси 6 қаторли қилиб кенгайтирилиб, темир йўл устидан ўтувчи 772 метрлик кўприк барпо этилган. Унинг эстакада қисми 445, эни – 28 метр.

Ташриф давомида Шавкат Мирзиёев объектнинг сифати, шаҳарда транспорт тизимини яхшилашдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратган.

Маълум қилинишича, ушбу кўприк соатига 12 мингтагача автотранспорт воситаларини узлуксиз ўтказиш имкониятига эга. Энг муҳими, у пойтахтдаги иккита йирик кўча – Янги Сергели айланма йўли билан Тошкент халқа йўлини боғлайди. Бу ҳайдовчилар учун анча қулайлик яратади, минглаб транспорт воситалари оқимини ўзига олиб, бошқа кўчалардаги тирбандликни камайтиради.

“Пандемия бошланганда биз ундан кучли, қудратли бўлиб чиқамиз деб мақсад қўйган эдик. Ҳаммамиз кўряпмиз дунёда нималар бўлаётганини. Бошқа мамлакатларда қурилишлар тўхтаб қолган ҳолатлар ҳам бўлди. Халқимиз тартиб-интизом, бирдамлик билан барча режаларини рўёбга чиқармоқда. Биз ҳамжиҳатликда кўп нарсаларга қодирмиз”, дейди Шавкат Мирзиёев тошкентлик фаоллар билан суҳбатда.

Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 4 июнь куни Тошкент шаҳрининг Чўпонота кўчаси ва Кичик ҳалқа йўли кесишмасида қуриладиган кўприк лойиҳаси билан танишган эди. Келгусида янги йўл барпо этилиб, Қипчоқ кўчасидаги мазкур кўприкка туташади.

Қолаверса, шу ерда Туркиянинг “Каlyon” компанияси билан ҳамкорликда пойтахтимиздаги автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, транспорт ва йўловчилар ҳаракати учун қулайликларни ошириш лойиҳалари муҳокама қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

87

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг