Бош шифокор нега қамалди? У кимнинг ўлимига сабабчи бўлди? – Чирчиқ шаҳар прокурори билан суҳбат

Интервью

Аввалроқ, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Бош шифокорнинг ҳибсга олиниши бўйича расмий маълумот берди. Унда Чирчиқ шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилгани айтилди. 

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

QALAMPIR.UZ шифокорнинг ҳибсланиши ва унга нисбатан очилган жиноят иши тафсилотларини ўрганиш мақсадида Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов билан суҳбатлашди. 

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Бахтиёр Тоиржонович, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан тергов иши қачон ва нима асосида бошланди? 

Бахтиёр Иброҳимов, Чирчиқ шаҳар прокурори: — Жорий йилнинг 10 август куни фуқаро Ш.Минбаев Чирчиқ шаҳар прокуратурасига мурожаат қилди. У ўз мурожаатида қариндоши – Чирчиқ шаҳар Марказий шифохонаси Жонлаштириш бўлими реаниматологи Фаррух Рустамов Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилиб, у ердан оғир аҳволда вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига ақли заиф сифатида ётқизилиб, унга ҳеч қандай реанимацион муолажалар кўрсатилмасдан, жонлантириш чоралари кўрилмасдан, керакли муолажалар берилмаслиги натижасида вафот этганини айтади. Бу ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилди. Терговга қадар текширув ҳаракатларида аниқланишича, Чирчиқ шаҳар Марказий шифохонаси Жонлантириш бўлими реаниматологи – 1981 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси Фаррух Рустамов Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан кўнгилли сифатида Зангиота туманидаги COVID-19га қарши кураш марказига бориб, ўз фаолиятини давом эттирган. 14 кун мобайнида шифокорлик қилиб, кўплаб беморларнинг соғайишига ўз ҳиссасини қўшган. Шу билан бирга, Фаррух Рустамов коронавирус инфекциясини юқтириб олган. У ўзидаги ўзгаришларни ҳис қилгач, Чирчиқ шаҳрида жойлашган вилоят Юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. Шифохонада унга COVID-19 ташхиси қўйилгандан кейин, шифохонага ётқизилган. Унга кўрсатилган муолажаларга қарамасдан ўпкаси икки тарафлама 70 фоиз зарарлангани айтилган. У сунъий нафас бериш мосламасига уланиб, кислород етказиб бериб турилган. Унинг ўзи реаниматолог бўлгани учун Жонлантириш бўлимида керакли муолажалар кўрсатилмагани сабаб ўз ҳуқуқини талаб қилиб, “қон босимим тушиб кетяпти, у ёки бу дорини юборинг, ҳаётим хавф остида”, деб гапирганда, Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори “Бу маҳмадона экан, руҳий касал бўлиб қолибди”, деб ўша вазиятга тўғри баҳо бермасдан, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокорига қўнғироқ қилади ва “Биз сизга оғир аҳволдаги бир руҳий касални юборамиз, уни қабул қилиб, даволашингиз керак, мутахассис юборинг”, деб айтади. Ўз навбатида вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори “Йўқ, COVID-19га чалинган бемор бўлса, уни бизнинг шифохонага юбора олмайсиз, чунки Тошкент вилоятининг барча шаҳар ва туманларидан келган 120 нафар бемор бор. Уларнинг ҳаётини хавф остига қўйиш мумкин эмас, бу борада Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи бор. Агар COVID-19 га чалинган бемор бўлса, уни аввал бу касалликдан даволаб, кейин бу ерга юбориш керак”, деган жавобни берган. Шунга қарамай, Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори тегишли хулосаларни олмай, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизиш бўйича талабларига зид равишда бемор Рустамовнинг соматик ҳолати оғирлиги, унда ўткир нафас етишмовчилиги мавжудлиги, реанимацион муолажаларга муҳтож бўлишига қарамасдан, оғзида турган кислород етказиб берувчи мосламани олиб ташлаб, уни замбилга ортиб, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансерига мажбуран олиб бориб ташлаган.

Руҳий асаб касалликлари диспансери COVID-19 га чалинган беморларни даволашга ихтисослашмаган, шароитлар йўқ. Шундай бўлса-да, улар беморни қабул қилиб олишган. Унга керакли муолажалар кўрсатилгунга қадар, яъни кислород етказиб берувчи мослама олиб келингунча Фаррух Рустамовнинг жони узилган. 

Бундан ташқари, биз терговга қадар суриштирув мобайнида “агар марҳум руҳий касал бўлса, қандай қилиб шифохонанинг Жонлантириш бўлимида ишлаши мумкин эди”, деган савол билан мурожаат қилганимизда, “у COVID-19 инфекциясига чалингандан кейин руҳий ҳолати ўзгарган, у менимча, руҳий касал бўлиб қолди”, деган важ билан уни диспансерга юборишгани маълум бўлди. Бундан ташқари, уни COVID-19 касаллигидан даволанган деб, касаллик тарихидаги кўплаб муолажалар ҳақидаги фактларни нобуд қилиб, йиртиб ташлаб, гўё Фаррух Рустамов COVID-19 дан буткул соғайиб кетди деган ҳужжат билан касаллик тарихи ёпилган. Қолаверса, Рустамов Руҳий асаб касалликлари диспансерида вафот этганидан кейин, тегишли тартибда суд-тиббий экспертизаси ўтказилмасдан, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокорининг хулосасига асосан гўёки Фаррух Рустамовнинг жасади оила аъзоларига COVID-19 инфекциясидан вафот этди деб берилган. 

Ф.Н.: — Шу ўринда савол туғилади: икки шифохона Бош шифокорларининг ўзаро суҳбатида COVID-19 га чалинган беморни Руҳий асаб касалликлари диспансерига жойлаштириш мумкинмаслиги айтилишига қарамай, бемор олиб келиняпти. Уни қабул қилмаслик мумкин эди-ку. 

Б.И.: — Тўғри, қабул қилмаслик мумкин эди. Лекин, одамгарчилик, ўзбекона қадриятларимиздан келиб чиқиб, шифокор оғир аҳволда келган беморни мен қабул қилмайман, деб айтолмасди. Биз тергов давомида Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори билан гаплашдик. Беморни нега қабул қилдингиз, ўз вақтида муносабат билдирсангиз бўлар эди-ку, деганимизда “Биз Гиппократ қасамини ичганмиз”, деган жавобни берди.

Ф.Н.: — Гиппократ қасами ўз йўлига. Лекин у ерда 120 нафар беморнинг жонини хавф остига қўйиб, COVID-19 га чалинган беморни қабул қилишининг ўзи ҳам қасамга тескари иш эмасми? 

Б.И.: — Тўғри, жуда асосли савол бердингиз. Руҳий асаб касалликлари диспансерининг беморни қабул қилишига асосий сабаб шундаки, беморни шифохонага олиб борган Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси шифокорларининг қўлида беморнинг касаллик тарихи бўлган. Унда эса бемор COVID-19 инфекциясидан буткул тузалиб кетди деган хулоса ёзилган. Шунга асосан Руҳий асаб касалликлари диспансери Фаррух Рустамовни қабул қилиб олган. У эса қабул жараёнининг ўзида вафот этган. 

Ф.Н.: — Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида бемор сунъий ҳаво бериш мосламасидан узилгани ҳақидаги фактни ўртага ташладингиз. Бунга гувоҳлар тергов жараёнида гувоҳлик беришган, шундайми? 

Б.И.: — Ҳа, тўғри. Тергов мобайнида аниқланишича, беморнинг оғзидан кислород мосламасини олиб, уни замбилга ортиб, Руҳий асаб касалликлари диспансерига олиб боришган. Буни кўрган гувоҳлар бор. Олиб борган шифокорлар, тез ёрдам автомобилининг ҳайдовчиси – ҳамма буни тасдиқлаб беради.

Ф.Н.: — Юқорида айтиб ўтдингизки, Руҳий асаб касалликлари диспансерига олиб келинганда, беморнинг касаллик тарихида COVID-19 дан буткул соғайгани қайд этилган эди. Бироқ, у кўп ўтмай вафот этган. Ўлимидан кейин эса унинг COVID-19 дан вафот этгани айтилган. (!) Шунинг ўзи номутаносиблик эмасми? 

Б.И.: — Тўғри! Бу тергов давомида аниқланган. Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига Руҳий асаб касалликлари диспансерига ётқизиш учун асос қилиб, мутлақо тузалгани ҳақида хулоса берилган. Аслида эса беморнинг  COVID-19 дан тузалмаганини уни диспансерга олиб борган шифокор ҳам, уни қабул қилиб олган Бош шифокор ҳам – ҳамма билган. Фақатгина улар ҳужжатларни тўғри қилиб қўйиш мақсадида қалбаки маълумот киритиб, COVID-19 дан 100 фоиз соғайди, деб хулоса берган. 

Ф.Н.: — Улар шерик бўлганми?

Б.И.: — Бунисини тергов давомида аниқлаймиз. Ҳаммасига ҳуқуқий баҳо берилади.

Ф.Н.: — Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокорининг ижтимоий тармоқларда дорилар етишмовчилиги, шифохонадаги муаммолар, Жонлантириш бўлими бўлмагани ҳақида айтган гаплари тарқалганди.  Кўпчилик уни айнан глобал тармоқдаги арзи сабаб қамоққа олинди, деган фикрда қолмоқда.

Б.И.: —  Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокорининг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши, шароит борасидаги шикоятининг унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишига мутлақо алоқаси йўқ. Бу ерда жиноят иши қўзғатилишига бир малакали шифокор, 12 йилдан ортиқ Жонлантириш бўлимида ишлаган мутахассиснинг Руҳий асаб касалликлари диспансерида вафот этгани, бу ерда қўпол қонун бузилиш ҳолатлари бўлгани, унинг ҳаётини сақлаб қолиш чораси кўрилмасдан, оғзида турган сунъий нафас бериш мосламасини юлиб олиб, унинг вафот этишига сабаб бўлгани ҳақида сўз бормоқда. Ана шулар жиноий иш қўзғатишга олиб келган. Лекин, унинг ижтимоий тармоқлардаги чиқиши, гўёки мукофот пулларини олмагани ҳақидаги гаплари қўзғатилган жиноий ишга умуман алоқадор эмас.  

Ф.Н.: — Ҳозирги даврда тергов жараёни қайси босқичда давом этмоқда? 

Б.И.: — Ҳозирги кунда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тафтиш ишлари давом этмоқда. Тергов давомида Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши юзасидан ўтказилган дастлабки тафтиш ҳужжатларида 250 миллиондан ортиқ бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилингани маълум бўлди. Тафтиш ишлари давом этмоқда, тегишли экспертизалар тайинланган. Шу боис тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Натижаси бўйича, албатта, қонуний қарор қабул қилинади.  

Ф.Н.: — Нима учун унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди? 

Б.И.: — Юқорида айтганимдек, тергов ҳаракатларини амалга ошириш мобайнида у ўз айбини яшириш мақсадида ҳужжатларни нобуд қилиб, сўралган ҳужжатларни бермай, тергов жараёнларига қатъий тўсқинлик қилиб келган. У ўзига юклатилган хизмат вазифаларини бажармаслиги, содир этган ҳолат оғир жиноятлар турига кириши, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш мақсадида шундай чора қўлланилган. Чунки, у Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида кўп ҳужжатларни йўқ қилгани маълум бўлди. Қолаверса, уни терговга чақиришимизга қарамасдан, терговга турли важлар билан қатнашмаслик учун яшириниш чораларини кўргани сабабли унга судгача қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўлладик. 

Ф.Н.: — Тергов жараёнларида у қилган ишларидан афсусдами ё ҳамон тан олмаяптими? 

Б.И.: — Тергов мобайнида ҳеч ким “мен айбдорман”, демайди. Лекин ўзининг ҳамкасби Фаррух Рустамовнинг вафот этганидан афсусда. У бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилинишига бир-икки важларни келтирди, лекин ҳужжатлар унинг айби борлигини яққол кўрсатиб турибди. 

Ф.Н.: — Шифохонада ишлаган шифокорлар ва ҳамширалар терговда қандай гувоҳлик беришяпти?  

Б.И.: — Тергов мобайнида Бош шифокор билан ишлаган кўпчиликни, ҳужжатларга масъул бўлган ходимларни ҳам сўроқ қилдик. Улар раҳбарнинг айтганини қилишга мажбур бўлганини айтган. Жиноят иши очилди дегани, унинг марказида фақат Бош шифокор турибди дегани эмас. Тергов жараёнлари давом этмоқда. Лекин тергов натижаси бўйича ким айбдор бўлса, ҳаммасига жазо муқаррарлиги таъминланади.  

Ф.Н.: — Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида 250 миллиондан ортиқ бюджет маблағлари талон-тарож қилингани қандай аниқланди? Ушбу маблағ қайси давр мобайнида талон-тарож қилинган? 

Б.И.: —Тергов давомида шифохонанинг бошқа ходимлари берган кўрсатмаларида шунча маблағ талон-тарож қилинганини айтган. Бу ҳолатни текшириб кўрганимизда, ўзининг тасдиғини топди. 

Кўрсатилган маблағ, йиллар давомида эмас, карантин бошланган даврда талон-тарож қилинган. Албатта, ҳозир бирданига шунча маблағ талон-тарож қилинган, деб айтолмайман. Ҳозир жараён давом этмоқда, тафтиш тайинланган. Тафтиш натижалари ва тайинланган экспертиза хулосаларига асосан айбланувчилар доираси кенгайиши мумкин. Ёки Бош шифокорга қўйилган айблов тўлдирилиши мумкин. Агар тергов мобайнида далилларни келтирадиган бўлса, 250 миллион сўмни талон-тарож қилинмаганини исботлаб берса, унга бу айблов қўйилмайди. Тафтиш натижалари ва айбловга нисбатан ўзининг важларини келтирса, буларни албатта инобатга оламиз. 

Ф.Н.: — Ҳозирги кунга қадар терговга тазйиқлар бўлмадими? 

Б.И.: — Терговга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Тазйиқ ўтказмади, аммо далилларни йўқ қилишга ҳаракат қилган. Ижтимоий тармоқларда чиқиш қилди, “терговчи менга тазйиқ ўтказяпти”, деб айтди. Лекин бу унинг айбини ювмайди.  

Бир нарсани айтишни хоҳлардимки, у қўпол равишда касб қоидаларини бузиши оқибатида, тажрибали ҳамкасби вафот этишига, уч фарзанд отасиз етим бўлиб қолишига сабабчи бўлди. Марҳум Фаррух Рустамов кўрсатган жасорати учун, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, Зангиота туманида ташкил этилган COVID-19 марказида беморларнинг даволанишига ҳаракат қилиб, ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, бунинг натижасида ўзи ушбу вирусга чалингани ва ушбу касалликдан вафот этгани сабабли Президентимиз фармони билан “Жасорат” медали билан тақдирланди. 

Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бахтиёр Иброҳимов Гулжаҳон Йўлдошева Юқумли касалликлар шифохонаси Чирчиқ шаҳар прокуратураси

Баҳолаганлар

633

Рейтинг

3.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг