Болалар елкаси елкасига тегиб ухлаган – Тошқулов “квартира”да ҳалок бўлган талабалар ҳақида

Жамият

Аввалроқ, Юнусобод туманидаги уйда 5 нафар талабанинг жасади чиққани ҳақида хабар берган эдик. Кейинроқ Тошкент давлат юридик университети талабаси қурилишда ҳалок бўлди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Ҳукумат соати”да шу икки фожиа ҳақида маълумот берди.

“Куни кеча, Юнусободда 5 нафар талабанинг нобуд бўлгани, яна Юридик университет талабасининг қурилишда нобуд бўлгани бу ҳаммамизга жуда катта маҳзунлик, қайғуга солди”, дейди вазир.

У талабалар билан бевосита ишлаши керак бўлган гуруҳ мураббийларининг устама пули берилмаганини танқид қилиб, ОТМ ректорларини эскича фикрлашда айблади.

“60 фоиз ректорлар гуруҳ мураббийларининг устама пулини бермаган. Қонунчиликда, қонуности ҳужжатда бор. Худди ўзининг чўнтагидан бераётгандек... эскича фикрлашда. Гуруҳ мураббийи сифатида пул бермай ишлатиш бозор шароитига қанчалик тўғри келади? Гуруҳ мураббийи кунига 2 тадан талабанинг уйиша борганда эди, у қаерда яшаётганини беш бармоғидек биларди.

Ана шу ҳолатда ҳам кўриляпти (Юнусободдаги ҳодиса – таҳр.) болалар шундай елкаси елкасига тегиб ухлаган. Майдон кичкина”, дейди Тошқулов.

Унинг қайд этишича, тергов-суриштирув жараёнлари ҳали тугамади. Лекин барча ректорлар жаноза тадбирларида қатнашиб, марҳумларнинг ота-оналарига моддий, маънавий ёрдам берди, барча жамоаси билан ёнида бўлди. Нохуш ҳолатга ректорлар бефарқ эмас, қатъий назоратга олинган.

Маълумот учун, Юнусободдаги ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 259-моддаси 2-қисми “а” банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Абдуқодир Тошқулов

Баҳолаганлар

1272

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг