Бокс бўйича бутунжаҳон рейтинги янгиланди. Ўзбекистонлик боксчиларда вазият қандай?

Спорт 20356
image

Бутунжаҳон бокс ассоциацияси (WBA) боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, рейтингдан беш нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган. 

Эълон қилинган рейтингда Ҳасанбой Дўсматов биринчи ўта енгил (-48,9 кг) вазн тоифасида учинчи ўринни эгаллаган. У айни пайтда WBA International камари соҳиби бўлиб турибди.  

Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг) чемпион сифатида қайд этилган. Аҳмадалиев шунингдек IBF йўналиши чемпиони ҳам ҳисобланади. 

Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,5 кг) жангларини олиб бораётган Шаҳрам Ғиёсов Тошкентдаги ҳимоя жангидан сўнг учинчи ўринни эгаллаб турибди. Шоҳжаҳон Эргашев эса еттинчи поғонага жойлашган. Шаҳрам айни пайтда ушбу вазнда WBA International камари соҳиби ҳисобланади. 

Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг) тоифасида эса Исроил Мадримов биринчи ўринда қайд этилган.

Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги боксчи Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг) эса аламли мағлубиятидан сўнг кучли ўн бешликни тарк этди. Кейинги янгиланишга қадар у ғалабалари сонини кўпайтирса, кўтарилиш эҳтимоли мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев 19 июнь куни АҚШнинг Техас штатида америкалик Габриел Росадога қарши рингга кўтарилган эди ва 12 раундга мўлжалланган жангнинг 3-раундида нокаутга учраб, профессионал боксдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олганди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1389
Рейтинг: 3
t
×