Бобожонов Элбек Раҳимовнинг ўлдирилишига нима сабаб бўлганини айтди 

3-саҳифа

image

Аралаш кураш жангчиси Элбек Раҳимовнинг ўлдирилишига мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган жанжал сабаб бўлган. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов бугун, 19 август куни Қарши шаҳрида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Бу икки гуруҳ ўртасидаги жанжал мусобақадаги келишмовчиликдан бошланган. Бирининг укаси, яна бирининг шогирди баҳслашган. Бири ютган, бири ютқазган. Шундан келишмовчилик бошланган, лекин ҳеч кимга хабар берилмаган”, дейди Ички ишлар вазири.

Вазирнинг қўшимча қилишича, Элбек Раҳимов ёнида пневматик қурол олиб юрган.

“Марҳум ёнида пневматик қурол олиб юрган, машинадан ҳам чиққан. Пневматик тўппонча ҳаво ва газ билан тайёрланадиган қурол, десаям бўлади. Ҳозир Қарши ва Тошкентдаги қурол дўконларида сотиляпти”, дейди у.

Вазирнинг айтишича, айни пайтда қурол дўконларини тартибга солиш бўйича ҳужжат тайёрланмоқда. Ҳозирга қадар бўлган даврда сотилган қуролларнинг эса ҳисоби юритилмагани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 август куни Қашқадарё вилоятида аралаш кураш жангчиси Элбек Раҳимов бир гуруҳ одамлар томонидан қасддан ўлдирилди.

Ички ишларга 102 орқали жиноят ҳақида хабар 17 август куни соат 9:49 да келиб тушган, ходимлар воқеа юз берган жойга хабар тушгандан сўнг, 21 дақиқа ўтиб, соат 10:10 да етиб борган. Жиноятни “иссиқ излар”да фош этиш мақсадида олиб борилган тезкор қидирув суриштирув тадбирлари натижасида шу куннинг ўзида жиноятга алоқадор Қарши шаҳри ва Қарши туманида яшовчи фуқаролар Ш.Т., Ж.А., О.Р., Я.Я., Ш.З. ва Э.А. ушланган.

Кеча, 18 август куни жиноят ташкилотчиси экани айтилаётган З.Б. Чироқчи туманидаги яшириниб ётган жойидан соат 17:05 да топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

4513

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг