БМТ уйғурларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳақидаги ҳисобот қачон эълон қилинишини очиқлади

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном раёнида инсон ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳисобот устида ишламоқда. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет брифингда маълум қилди. 

Бачелетнинг сўзларига кўра, у ҳужжатни муддати тугагунига қадар – 31 август куни эълон қилади. 

“Биз ҳисобот устида ишлаяпмиз. Ишим (БМТ Олий комиссари сифатида – таҳр.) тугагунига қадар чоп этмоқчиман. Биз қўлимиздан келганини қилмоқдамиз”,  дейди у. 

Комиссар яқинда Хитой Халқ Республикасига сафари чоғида Шинжон ҳукумати билан бўлган учрашувда минтақада инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирганини айтди. 

“Ҳисоботда Шинжондаги уйғурлар ва озчилик мусулмонлар ҳуқуқларининг поймол этилиши батафсил ёритилган”, дейди Бачелет. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти матбуот котиби, шунингдек, Хитой расмийларининг ҳисобот чоп этилишига тўсқинлик қилиш учун босим ўтказгани ҳақидаги даъволарни ҳам рад этди.

Эслатиб ўтамиз, Нидерландиянинг БМТдаги доимий вакили Пол Беккерс БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг жорий йил июнь ойида бўлиб ўтган 50-сессиясида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелет Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги кечиктирилган ҳисоботни зудлик билан эълон қилиши кераклигини айтганди.

Шундан сўнг, Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин жорий йилнинг 12-13 июль кунлари Шинжон-Уйғур мухтор вилоятининг Урумчи шаҳрига сафар қилди. У минтақага 2014 йилда, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши маълумотларига кўра, Хитой ҳукумати мамлакат шимоли-ғарбида уйғурлар ва қозоқларга нисбатан “геноцид” сиёсатини бошлаганидан бери илк бор ташриф буюрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой БМТ Уйғурлар

Баҳолаганлар

120

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг