БМТ “дон йўлаги” ҳарбий мақсадда фойдаланилганини текширмоқчи

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонлар билан биргаликда Севастополдаги рус ҳарбий кемаларига қилинган ҳужум ва дон экспорти шартномаларидан ҳарбий мақсадларда фойдаланиш эҳтимолини текширишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 31 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгаши йиғилишида Бутунжаҳон гуманитар ташкилоти бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс маълум қилди.

“Қора денгиз ташаббуси”дан ҳарбий амалиётларда устунликка эришиш учун фойдаланиш жиддий қоидабузарлик бўлади. БМТ томонларга ушбу ноёб келишувни амалга оширишда ёрдам беришга мажбурдир. БМТ котибияти келишувда иштирок этувчи давлатлар билан биргаликда тақдим этилган барча далилларни, агар бундай сўров бўлса, текширишга тайёр”, дейди у.

БМТ буни ҳарбий устунликка эришиш учун дон битимини суиистеъмол қилиш деб ҳисоблайди, дейди БМТ вакили.

“Қора денгиз ғалла ташаббуси”дан у ёки бу тарзда ҳарбий устунликка эришиш учун фойдаланиш [келишувни] қўпол суиистеъмол қилиш ҳисобланади”, дейди Гриффитс.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 октябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги аннекция қилинган Севастополдаги Қора денгиз ҳарбий флотига уюштирилган ҳужум муносабати билан Украинадан озиқ-овқат маҳсулотларини экспорт қилишга мўлжалланган келишувдаги фаолиятини тўхтатишини маълум қилган эди. Расмий Москва ҳужум "дон йўлаги"дан фойдаланган ҳолда уюштирилганини таъкидамоқда.

Маълумот учун, 22 июль куни Истанбулда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокида Украина портларидан ғаллани хавфсиз ташиш бўйича келишув имзоланди. Ҳужжатни Украина, Россия, БМТ ва Туркия вакиллари имзолади. Дон шартномаси Украинанинг Одесса, Южний ва Черноморск портларини ўз ичига олади.

Шартнома муддати 19 ноябрда тугайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Туркия аввалроқ келишувни узайтиришга чақирган эди.

Октябрь ойида Қрим кўпригида портлаш бўлиши ортидан Россия Президенти Владимир Путин дон келишуви тўхтатиб қўйилиши мумкинлигини айтганди. У портловчи ускуна дон йўлаги орқали Қримга олиб келингани тасдиқланса, шундай қилинишини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин дон йўлаги

Баҳолаганлар

72

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг