Тарихда илк бор Тошкент триатлон бўйича Қитъа кубогига мезбонлик қилади

Спорт 2710
image

Жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида илк марта спортчилар ва ҳаваскорлар ўртасида мос равишда триатлон спорт тури бўйича Қитъа кубоги ўтказилади.

Бугун, 6 октябрь куни Қитъа кубоги олдидан чет эллик делегатлар, Триатлон федерацияси ва Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда триатлон бўйича Осиё кубогига дунёнинг 10 та мамлакатидан иштирокчилар қатнашиши айтиб ўтилди. Унга кўра, Ўзбекистон, Россия Федерацияси, Украина, Қозоғистон, Чехия, Люксембург, Япония, Польша, Словакия ҳамда Марокаш триатлон терма жамоалари ушбу Қитъа кубогида иштирок этиши маълум қилинди.

Шунингдек, МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов триатлоннинг ҳозирча фақат шаҳар худудларда ривожланаётганини, чекка ҳудудлар ва қишлоқларда эса ҳозирча бунинг иложи йўқлигини тан олди.

“Триатлон бўйича илк бор йирик мусобақа ўтказмоқдамиз. Албатта, бу биз учун жуда катта қадам. Чекка ҳудудларда триатлон билан шуғулланиш масаласи бизни узоқ йиллар давомида қийнаб келган муаммо ҳисобланади. Дарҳақиқат, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида турли сув иншоотлари, велотрассалар деярли мавжуд эмас. Тан олиш керак, бизда триатлон нима эканлигини ҳам билишмайди. Бу табиий ҳолат. Велоспорт – жуда қиммат спорт турига киради. Триатлон эса анча қийин бўлиб, шу 3 спорт тури (750 метрга сузиш, 20 кмга велопойга, 5 кмга югуриш)ни биргаликда ўз ичига олади. Шу сабабли, бу спорт анча заҳмат ва ҳаражат талаб қилади.

Айни дамда 12 та вилоятда 12 та Олимпия захиралари коллежи мавжуд. Уларнинг ҳар бирида сузиш ҳавзаси бор. Бугунги кунда чекка ҳудудларда триатлон билан шуғулланмоқчи бўлганлар фақат шу йўл билангина машғулот ўтказишлари мумкин. Ўйлаймизки, яқин йиллар ичида қишлоқларимиз ҳам инновациялашса, халқимиз бу спорт билан мунтазам шуғулланади”, дейди Ойбек Қосимов.

Маълумот учун, Ўзбекистон тарихидаги илк триатлон мусобақаси бундан икки йил аввал  Тошкентда бўлиб ўтган эди. Ўшанда бу турнир бошқаларидан фарқли равишда ёпиқ иншоотларда бўлиб ўтган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 3.3
t
×