Байденнинг ўғли оиласидан ажрашгани, гиёҳвандлик ва алкоголга ружу қўйганини ошкор қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Президенти Жо Байденнинг ўғли Хантер Украинанинг “Burisma” энергетика компаниясидан ишлаб топган пулини алкоголь ва гиёҳванд моддаларга сарф қилганини тан олди. Бу ҳақда у ўзининг "Чиройли нарсалар" (Beautiful Things) мемуарида ёзган.  

Китоб жорий йилнинг 6 апрель куни омма эътиборига ҳавола этилади. 

Хабарга кўра, Хантер Байден Украина компаниясидан ишлаб топган пуллари унинг гиёҳвандлик ва алкоголга қарамлиги кучайишига ҳисса қўшганини, бу эса унинг оиласи ва карьераси билан муносабатларини бузганини айтган. 

Америка етакчисининг ўғли ўз хотираларида 2015 йили акаси Бо Байден вафот этганидан сўнг, гиёҳвандлик билан кураш олиб боргани ҳақида ҳикоя қилган. 

“Сўнгги беш йилда йигирма йил давом этган никоҳим бузилди, пешонамга тўппонча тиралди, бир кечага 59 доллардан тўлаб, мотелларда яшадим, ўзимдан ҳам кўра, оиламни қўрқитдим”, деб ёзган Хантер Байден. 

“Агар имкониятим бўлганида, Украина компаниясида иш бошламаган бўлардим”, дея таъкидлаган Президентнинг ўғли. 

У Жо Байденнинг сиёсий фаолияти унга иш топишда ёрдам берганини тан олган, аммо на ўзи ва на отаси, айниқса, “Burisma” компанияси билан боғлиқ ноқонуний иш қилмаганига ишонтирган. 

АҚШнинг 44-Президенти Барак Обама маъмуриятида вице-президент бўлиб ишлаган Байденга аслида Украинага нисбатан сиёсатни назорат қилиш ишониб топширилган эди. 2015 йил охирида у "минг соатдан кўпроқ вақт давомида" ўша пайтда Украина раҳбари бўлган Пётр Порошенко билан телефон орқали суҳбатлашганини таъкидлади. 

Сайловлар пойгаси давомида демократ Украина билан боғлиқ можарода айбланувчига айланди. Унинг сиёсий рақиблари Байден вице-президент сифатида Украинанинг “Burisma” энергетика компанияси устидан тергов бошлаган Бош прокурор Виктор Шокинни ишдан бўшатишга чақирганига эътибор қаратди. 2014 йилда Байденнинг ўғли Хантер компаниянинг директорлар кенгашига қўшилганди. Охир-оқибат Шокин ишдан бўшатилган ва тергов тўхтатилган. 

Республикачилар “Burisma”да Хантер Байденга гарчи унинг нефть ва газ соҳасида тажрибаси бўлмаган бўлса ҳам, ойига 50 минг долларгача маош тўланганини таъкидлаган. 

Бу Байденнинг ўзи ва ўғлини Украинадаги коррупция схемаларида иштирок этганликда айблашларига сабаб бўлган. Уларнинг ўзи буни инкор қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Хантер Байден

Баҳолаганлар

219

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг