Байден Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам ажратилишини эълон қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден кеча, 6 май куни Украинага 150 миллион доллар миқдорида қўшимча ҳарбий ёрдам ажратилишини маълум қилди. Америка раҳбарининг сўзларига кўра, янги пакет доирасида Вашингтон Киевга, хусусан, артиллерия ўқ-дорилари ва радарларни топширади. 

“Мен Украинани артиллерия ўқ-дорилари  радар ва бошқа жиҳозлар билан таъминлайдиган яна бир хавфсизлик ёрдам пакетини эълон қиламан”, дейилади Президент ёзма баёнотида. 

Шу билан бирга, Байден АҚШ Конгресси томонидан Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун ажратилган маблағ деярли тугаганини эслатди. Шу муносабат билан давлат раҳбари яна бир бор қонунчиларни Вашингтон маъмуриятининг Киевга яна 33 миллиард долларлик ёрдам кўрсатиш ҳақидаги аввалроқ сўровини маъқуллашга чақирди.  

“Бугунги эълон билан менинг маъмуриятим Украинага ёрдам жўнатиш учун сарфланиши мумкин бўлган маблағни деярли тугатди. Конгресс Украинанинг жанг майдонида, шунингдек, музокаралар столида ўрнини мустаҳкамлаш учун сўралган маблағни зудлик билан тақдим этиши керак”, дейди Байден. 

Эслатиб ўтамиз, Байден Конгрессдан Украинага гуманитар ва ҳарбий ёрдам сифатида 33 миллиард доллар сўради. Байден сўраган маблағга 8,5 миллиард доллар иқтисодий ёрдам ва 3 миллиард доллар гуманитар ва озиқ-овқат ёрдами киради.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин Жозей Байден

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг