“Барселона” академияси мураббийи Ўзбекистонга келди

Спорт 1887
image

Айни пайтда Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан болалар ва ўсмирлар футболи ҳамда ҳудудлардаги футбол академиялари фаолиятини жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш мақсадида “Барселона” академиясида 11 йилдан бери мураббийлик қилиб келаётган ва ўзига хос футбол методологиясини ишлаб чиққан Давид Санчес Тошкент шаҳрида бўлиб турибди. Бу ҳақда Миллий Олимпия Қўмитаси расмий сайти хабар берди.

“JFL-Tashkent Football School” футбол мактаби билан яхши алоқаларга эга бўлган испаниялик мутахассис академия мураббийларига маҳорат дарси ўтмоқда. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида JFL футбол мактаби тарбияланувчиларининг Испанияда ташкил этиладиган футбол академиялари ўртасидаги мусобақада иштирок этиши айтиб ўтилган. Испанияда ташкил этиладиган йиғинларда “Барселона” ёшлар жамоалари билан назорат ўйинлари ўтказиш ҳам режа қилинмоқда.

Тажрибали мутахассис ЎФА Мажлислар залида Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган футбол мактаблари мураббийларига семинар машғулотларини ўтиб берди. Тадбир якунида МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов испаниялик мутахассисга миннатдорчилик билдириб, ҳамкорлик шартномасини таклиф этди. Мутахассис ҳафта охирида Тошкентни тарк этади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 25
Рейтинг: 2.9
t
×