Баҳодир Жалоловга ким қаршилик кўрсата олади? Россиялик мутахассис фикр билдирди

Спорт 7904
image

Хабарингиз бор, бугун 29 июль куни Токио Олимпиадасининг олтинчи куни доирасида ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалолов ҳам иштирокини бошлади.

+91 кг вазнда рингга чиққан Жалолов нимчорак финалда озарбайжонлик Муҳаммад Абдуллаев устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жалолов 2-раундда рақибини нокдаун ҳолатига туширишга ҳам муваффақ бўлди.

“Лаборатория бокса” YouTube канали бошловчиси ҳамда россиялик бокс мутахассиси Баҳодир Жалоловни мусобақа фаворити сифатида эътироф этди ҳамда унга ким тўлақонли равишда қаршилик қила олиши мумкинлигини тахмин қилди.

“Жалолов — ўз вазн тоифасида яққол фаворит. Аввалги Жаҳон чемпионатларида у ўзининг барча рақибларини енгган. Бу вазнда қозоғистонлик кучли боксчи Қамшибек Қўнқабаев бор, аммо Баҳодир уни ҳам мағлуб этган. Жалолов америкалик Ричард Торресни ҳам таслим қилган.

Жалоловга қаршилик қилиши мумкин бўлган ягона спортчи — бу кубалик атлет. У ҳали ҳеч кимга таниш бўлмаган 20 ёшли — Дайньер Перо. У қора тулпор, Жалоловга у муаммо туғдира олиши мумкин”, дейди канал муаллифи.

Маълумот ўрнида. Баҳодир Жалолов финалгача етиб борса, қозоғистонлик ёки кубалик боксчи билан олтин медаль учун баҳслашиши мумкин.

 

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 182
Рейтинг: 3.1
t
×