Азим Тошкент шаҳрига хуш келибсиз – Президент халқаро кинофестивал иштирокчиларини қутлади

Жамият

image

Бугун, 28 сентябрь куни Ўзбекистон Кинематография агентлиги томонидан “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивали ўтказилмоқда. Кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчиларини қутлади ва  самимий муборакбод этди.

“Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!

Муҳтарам меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Аввало, “Ипак йўли дурдонаси” XIII Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан сиз, қадрли иштирокчиларни – машҳур актёр ва режиссёрлар, оператор ва рассомлар, продюсерлар, киношунос олимлар, таниқли маданият арбобларини чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Шарқ дарвозаси, азим Тошкент шаҳрига, қадимий ва бетакрор Ўзбекистон заминига хуш келибсиз!

Бугунги глобал дунёда энг оммавий ва таъсирчан санъат тури бўлмиш кинонинг ер юзидаги турли халқлар ва маданиятларни ўзаро яқинлаштириш, тинчлик, дўстлик ва гуманизм ғояларини тарғиб этиш борасидаги ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Биз барпо этаётган янги Ўзбекистонда жаҳоннинг узоқ ва яқин давлатлари билан барча соҳалар қатори маданий жабҳада ҳам самарали ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзининг 50 йилдан зиёд тарихи ва анъаналарига эга бўлган Тошкент халқаро кинофестивали қайта тикланиб, “Ипак йўли дурдонаси” деган янги ном билан “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ўтказилаётгани шу йўлдаги улкан амалий қадамдир.

Ҳеч шубҳасиз, дунёнинг қарийб 50 мамлакатидан 300 дан зиёд санъат усталари, жаҳон кино юлдузлари иштирок этаётган ушбу анжуман соҳадаги бугунги ривожланиш жараёнлари, ижодий изланиш ва тажрибаларни атрофлича таҳлил этиб, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда ўзига хос мулоқот майдони, ёш ижодкорлар учун маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Бир асрдан зиёд бой тарих ва анъаналарга эга бўлган ўзбек кино санъати ўзининг миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги асосида яратилган етук асарлари билан жаҳон кинематографиясида муносиб ўрин эгаллаши сизларга яхши маълум.

Мамлакатимизда кейинги пайтда барча соҳалар қатори кинематография тизими ривожига ҳам устувор аҳамият берилмоқда. Ижод эркинлиги, соғлом ижодий рақобат, хусусий мулк дахлсизлиги каби демократик тамойиллар ушбу соҳага ҳам дадил жорий этилмоқда.

Киностудияларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, уларга имтиёз ва преференциялар бериш, юксак дидли томошабинларнинг талабларига жавоб берадиган бадиий етук картиналар яратиш, жамиятимизда кино санъатини кенг оммалаштириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.

Муҳтарам фестивал иштирокчилари!

Бугунги кунда шиддат билан ўзгараётган дунёда ижтимоий воқеликка, жумладан, маданият ва санъатга қараш ва мезонлар тинимсиз янгиланиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир. Бу жараёнлар ҳаётни яхлит бир ҳолда, жамики зиддият ва мураккабликлари билан ҳаққоний акс эттирадиган кинематография ривожига ҳам ўз таъсирини кўрсатиши табиий, албатта.

Аминманки, қайта тикланган, ўз тарихида янги саҳифа очаётган Тошкент халқаро кинофестивали замоннинг ўзи талаб қилаётган ана шундай юксак бадиий мезонлар руҳида ўтади.

Ишончим комил, XIII Тошкент халқаро кинофестивали кўпмиллатли Ўзбекистон халқи учун чинакам санъат байрамига айланиб, янги ном ва истеъдодларни кашф этади, киноижодкорлар ва кино ихлосмандлари хотирасида ёрқин таассуротлар қолдиради.

Ўйлайманки, сизлар фестиваль доирасида мамлакатимизнинг қадимий ва замонавий шаҳарларида бўлиб, турли соҳа вакиллари билан учрашиб, Янги Ўзбекистондаги кенг кўламли ўзгаришлардан бевосита хабардор бўласиз.

Сиз, азизларни яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар, фестиваль ишига эса муваффақиятлар тилайман”.                         

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

111

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг