Асабий кечган ўйинда Ўзбекистон Яманни мағлуб этди

Спорт 28144
image

ЖЧ-2022 иккинчи саралаш босқичи 9-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Яман терма жамоасига қарши майдонга тушди. Унда ўзбекистонликлар кичик ҳисобда ғалаба қозонди.

Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтган баҳсни ҳужумкор бошлаган Ўзбекистон МТЖ 19-дақиқада Иброҳимхалил Йўлдошевнинг ишлаган пенальтисидан кейин ҳисобни очиш имкониятига эга бўлди. 11 метрлик жарима зарбасини Жалолиддин Машарипов голга айлантирди — 0:1.

Иккинчи бўлимда эҳтиёткор ҳамда асабий футбол кўрсатган Вадим Абрамов шогирдлари 81-дақиқада яна бир марта пенальти тепиш имкониятига эга бўлди. Захирадан майдонга тушган Вагиз Галиулинга нисбатан ишлатилган қўполликдан кейин белгиланган 11 метрлик жарима зарбасидан Одил Аҳмедов унумли фойдалана олмади — дарвозабондан сейв.

Якунда минимал ҳисобдаги ғалабани сақлаб қолган Ўзбекистон терма жамоаси очколари сонини 15 тага етказиб, гуруҳда иккинчи ўринда қолди. Яман эса 5 очко билан сўнгги, бешинчи поғонани эгаллаб турибди. 

Сўнгги, 10-тур доирасидаги Саудия Арабистони ҳамда Ўзбекистон учрашувидан кейин гуруҳ ғолиби номи маълум бўлади. Баҳс 15 июнь, сешанба куни ўтказилади.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1297
Рейтинг: 3
t
×