“Аристократлар” “олифта шаҳарликларни” йиғлатди. Портуда бўлган “жанг” тафсилотлари 

Спорт

image

Тошкент вақти билан бугун, 30 майга ўтар тунда бошланган Чемпионлар лигаси финали Англиянинг “Челси” клуби ғалабаси билан якун топди. 

Англиянинг бошқа бир жамоаси “Манчестер Сити”га қарши Португалия чимларида майдонга тушган ёш “аристократлар” 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва турнир бош совринига эга чиқди.

Порту шаҳрининг "Драго" стадионида бўлиб ўтган учрашувнинг 43-дақиқасида “Челси” яримҳимоячиси Кай Хаверц кечанинг ягона голини Эдерсон қўриқлаётган дарвозага жойлаб қўйди.

Босим ва ҳиссиётларга тўла ўтган учрашувда ҳар икки клубдан ҳам етарлича йўқотишлар бўлди. Жумаладан, “Челси” ҳимоячиси Тиаго Силва ўйиннинг 37-дақиқасида “Сити” яримҳимоячиси Фил Фоден билан тўқнашиб, жароҳат олди ва 39-дақиқада майдонни тарк этди. Унинг ўрнига Андреас Кристенсен “аристократлар”га ёрдамга келди. 

“Манчестер Сити”дан эса жамоа сардори Кевин Де Брёйне ўйиннинг 60-дақиқасида “Челси” ҳимоячиси Антонио Рюдигер билан тўқнашиб, жароҳат олди ва майдонни кўз ёшлари билан тарк этди. Чунки бу вақтда унинг жамоаси, аллақачон, ҳисобда орқада борар ва клубнинг энг асосий фигураси бўлган бельгиялик юлдуз энди ўз жамоасига ёрдам бера олмаслигини ич-ичидан сезарди.  

Шундай қилиб, 1:0 кўринишидаги ҳисоб ўйиннинг охиригача сақланиб қолди ва лондонликлар иккинчи марта Чемпионлар лигасининг бош совринига эга чиқди. Тарихида илк марта Чемпионлар Лигасининг финалига етиб келган “Сити” эса турнирда 2-ўринни олиб, Манчестерга қайтиб кетди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

210

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг