Анқара ШҲТдаги иштирок учун ЕИга ҳисоб бермайди – Эрдўған

Олам

image
0:00
0:00
download

Расмий Анқара Шанхай ҳамкорлик ташкилотидаги иштирок учун Европа Иттифоқи олдида ҳисоб бермоқчи эмас. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған PBS телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Европа Иттифоқи бизни 52 йил ушлаб туради, унга яқинлашишга рухсат бермайди ва кейин сўрайди: “Нега у бу юрт билан учрашди, нега бошқа билан учрашди?”. Мен музокара қиламан. Бу музокараларни олиб бориш билан биз ҳозирда Европа Иттифоқи олдида жавобгар эмасмиз”, деди сиёсатчи PBS телеканалига берган интервьюсида.

Туркия раҳбари бутун дунё давлат раҳбарлари, жумладан, Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашишини таъкидлади.

“Мен барча давлатлар билан музокаралар олиб бормоқдаман. Чунки биз ҳаммамиз бу дунёнинг бир қисмимиз”, дея қўшимча қилган у.

Шу билан бирга, Эрдўған Европа етакчилари билан учрашувлар чоғида унга ҳеч ким бундай саволлар бермаганини, шунингдек, ШҲТ аъзолари билан бўлгани каби улар билан ҳам мулоқот ўтказишга тайёрлигини билдирди.

Аввалроқ Германия парламенти аъзолари Эрдўғаннинг ШҲТдаги иштироки учун Туркияга иқтисодий чоралар кўриш кераклигини айтиб чиққанди.

Эслатиб ўтамиз, 17 сентябрь куни Эрдўған Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитидан сўнг, Анқаранинг ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиш истаги борлигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, бу масала ШҲТда “яқин даврга раислик қиладиган Ҳиндистондаги музокаралар кун тартибига” киради.

15-16 сентябрь кунлари Самарқандда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити бўлиб ўтди. Учрашув якунлари бўйича 44 та ҳужжат имзоланди. Хусусан, Эрон ШҲТда мажбурият меморандумини имзолади. Шунингдек, Беларусни ташкилотга аъзоликка қабул қилиш тартибининг бошланиши тўғрисидаги ҳужжат тасдиқланди.

ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Ташкилотга Россия, Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон киради. Кузатувчилар – Афғонистон, Беларусь, Эрон ва Мўғулистон, мулоқот бўйича ҳамкорлар – Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, Туркия ва Шри-Ланка. 2021 йил сентябрь ойида Душанбеда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Эронни ташкилотга қабул қилиш ва Миср, Қатар ва Саудия Арабистонига мулоқот бўйича ҳамкор мақомини бериш тартиби бошланган эди. Жорий йилда Беларусь ШҲТга тўлақонли аъзо бўлиш учун расман ариза топширди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

293

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг