Англиялик мухлислар ўта талабчан — Варан

Спорт 1321
image

Хабарингиз бор, франциялик ҳимоячи Рафаэль Варан ёзги трансферлар ойнасида “Реал Мадрид” клубидан “Манчестер Юнайтед”га 50 миллион евро эвазига кўчиб ўтди. Янги клуби сафидаги илк матбуот анжуманида футболчи МЮга ўтиши ҳақида фикр билдирди.

“Бу кўчишдан жуда хурсандман ва ҳаяжондаман. Мен учун бу янги саёҳат, қизиқарли саргузашт. “Реал” билан ўз вақтида бахтли онларни бошдан кечирдим, аммо “Манчестер Юнайтед” мен учун янги синов.

Мен ва МЮ ҳақида 2011 йилдан бери миш-мишлар юради. “Юнайтед”га бўлган қизиқишим Сер Алекс Фергюсоннинг уйимизда мен билан гаплашганида, мен “Реал”га ўтишимдан олдин бошланган эди. Ўша пайтдан бери мен МЮга ўтиш ҳақида ўйлаб келаман. 

“Реал”даги фаолиятимдан мамнунман, энди эса менда катта масъулият турибди. Англиялик мухлислар ўта талабчан, уларнинг ишончини оқлаш учун ҳам боримни бериб ўйнашим зарур”, дейди Варан.

Эслатиб ўтамиз, 28 ёшли француз футболчиси “Реал” сафида 2011-21 йиллар давомида тўп сурган. “Манчестер Юнайтед” футболчини 14 август куни “Лидс”га қарши ўйин олдидан таништирди ва клуб душанба куни шартномани расман эълон қилди. Футболчи айни дамда машғулотларга қўшилган.

Варан “Манчестер Юнайтед”да 19-рақамда тўп суради.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 20
Рейтинг: 3.2
t
×