Андижонда оқсоқоллардан собиқ ҳоким берган велосипедлар қайтариб олиняпти 

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига тарқатган велосипедларни қайтариш ишлари кетаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати изоҳ берди. 

Қайд этилишича, собиқ ҳоким даврида Андижон шаҳридаги 83 та маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига хизматда фойдаланиш учун велосипед топширилган.

Жорий йилнинг 16-26 май кунлари эса Андижон шаҳрида МФЙ раиси (оқсоқоли) сайлови бўлиб ўтган ҳамда ушбу сайлов жараёнида 52 нафар янги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сайланган. 

Шу сабабли собиқ маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан велосипед ҳамда барча маҳалла балансидаги инвертарлар қайтариб олиниб, янги раисларга топширилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, собиқ Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳром Ҳайдаров жорий йилнинг 6 июнь куни қамоққа олинди. У жиноий шериклари билан 48 млрд сўм бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбланмоқда. Унинг ортидан Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳам ҳибсга олинди.

Айтиш жоизки, дастлаб Баҳром Ҳайдаров  давлат манфаатларига 1 млрд 779 млн сўм зарар етказишда гумонланганди. Андижон шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилаётган жиноят иши доирасида жорий йилнинг 3 февраль куни депутат ва ҳокимни терговга жалб қилиш мақсадида Андижон вилояти прокуратурасига тақдимнома киритилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Баҳром Ҳайдаров ҳокимият ҳузуридаги Ер майдонларини ажратиш бўйича доимий ишловчи махсус комиссия аъзолари билан гуруҳда Ер кодексининг 17, 23, 62-моддалари, қолаверса, Президент ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарор ҳамда фармойишларига зид равишда жисмоний ва юридик шахсларга аукцион орқали ўзининг ваколатидан қасддан фойдаланиб, ер майдонларини тўғридан-тўғри ажратилиши ҳақида мутасадди мансабдорларга кўрсатма бергани аниқланган.

Баҳром Ҳайдаров аслида бекор қилинган ҳужжатларни асос қилиб кўрсатган ҳолда, комиссия далолатномалари ва ер ажратиш тўғрисидаги қарорларига сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиб, 2019-2020 йилларда ер майдонларини ажратиш тўғрисидаги қарор ва фармойишларни қабул қилган.

Кейинроқ Бош прокуратура Баҳром Ҳайдаров Андижон шаҳар молия бўлимида ишлаган вақтида 48 млрд маблағларни талон-торож қилишда гумонланаётганини маълум қилди. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тергов ишида 37 нафар шахс айбланиб улардан 32 нафари ҳибсга олинган.

Маълумот учун, Андижон шаҳрига жорий йилнинг 14 июнь куни Ғофуржон Абдураҳмонов ҳоким этиб тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

301

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг