Андижонда 9 ёшли қизни ваҳшийларча ўлдиришда айбланган шахс айбсиз деб топилди. БП суд ҳукмидан норози

3-саҳифа

image
0:00
0:00
download

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларида андижон вилоятининг асака туманида 9 ёшли қизалоқнинг ваҳшийларча ўлдирилгани ва мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳамда суд жараёнлари ҳақида хабарлар, турлича муносабатлар баён этилган фикрлар кенг тарқалмоқда. Бош прокуратура ушбу жиноят иши юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, ўтган йил 21 июнь куни Асака туманида 9 ёшли қизнинг мурдаси ўз уйида қотиллик аломатлари билан топилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари Бош прокуратуранинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан олиб борилган.

Тўпланган далилларга асосан дастлабки терговда фуқаро Асрорахон Хамдамова 2020 йил 21 июнь куни қўшниси Д.А. истиқомат қиладиган уйга ўғрилик мақсадида киргани ва у ердан пул олганига гувоҳ бўлган, ёш бола Қ.И.нинг танасига бир неча маротаба пичоқ билан жароҳат етказиб, уни қасддан ўлдиргани аниқланган.

Шунингдек, А.Хамдамова ўғирлик ҳамда фирибгарлик жиноятларини ҳам содир этганлиги ўз исботини топган.

Айбланувчининг айби унинг кўрсатуви бўйича олинган ашёвий далил (пичоқ), пичоқ дастаси ичидан олинган намуна марҳума қизга тегишли эканлиги тасдиқланган экспертиза хулосаси, гувоҳларнинг кўрсатувлари, хусусан, тўрт нафар гувоҳ А.Хамдамова марҳума қизнинг хонадонидан югуриб чиққанини кўришгани ва бошқа далиллар билан тўлиқ исботланган.

Бундан ташқари, А.Хамдамова ўз айбига иқрорлигини ҳам баён қилган. Жумладан, қўшнисининг уйига ўғирлик мақсадида киргани ва шу қўшнининг ёш қизи (марҳума) уни кўриб қолганидан қўрқиб, норасидани пичоқ билан ўлдирганлигини тан олган.

А.Хамдамованинг иқрорлик кўрсатувлари реал воқеликка асослангани ва ихтиёрий равишда берилгани суд-психология экспертизаси хулосаси билан тасдиқланган.

“Бинобарин, судланувчи тергов жараёнларида қўрқитилгани ёки қийноққа солингани ёхуд бошқача тарза унга тазйиқ ўтказилгани тўғрисидаги иддаолар билан ҳам келишиб бўлмайди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги чиқишларда гўёки “асос” қилиб кўрсатилаётган “марҳума қизнинг зўрлангани” ҳам суд-комиссиявий экспертизада ўз исботини топмаган...”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

2020 йил 21 июнь куни мазкур жиноят иши айблов хулосаси билан мазмунан кўриш учун Андижон вилоят судига юборилган.

“Бироқ, тергов давомида аниқланган ва исботланган далил ҳамда важлар суд томонидан инобатга олинмаган, ўта оғир жиноят ҳаракатларига етарли баҳо берилмаган.

Шу тариқа Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукми билан А.Хамдамова фақатгина фирибгарликда, яъни, марҳума қизнинг онасига тегишли бўлган тилла занжирни алдов йўли билан қўлга киритишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланган.

Ўғирлик, босқинчилик ва мудҳиш жиноят – қотиллик юзасидан эса, у оқланган”, дея суд ишига муносабат билдирилган.

Шу боис, жорий йил 12 май куни Андижон вилоят прокуратураси томонидан Андижон вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2021 йил 5 майдаги ҳукмига нисбатан Олий суднинг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилди.

“Бош прокуратура иш бўйича манфаатдор тарафлар ва кенг жамоатчилик, хусусан оммавий ахборот воситаларидан қуйидаги жиҳатларга эътибор қаратишни сўрайди:

биринчидан, вилоят суди томонидан оқланган судланувчининг “айбсиз” эканлиги ҳақида суднинг якуний ҳукми қонуний кучга кирмасдан туриб, хулоса қилишга ҳали эрта.

Зотан, иш бўйича судлов жараёнлари мавжуд ҳужжатлар, далиллар, гувоҳларнинг кўрсатувлари, айблов хулосасига асос қилиб келтирилган бошқа жиҳатларга вилоят суди томонидан ҳар томонлама муносиб баҳо берилмаганини кўрсатиб турибди;

иккинчидан, асосан ҳимоя тарафи ва судланувчи кенг жамоатчиликка тақдим этаётган “тафсилотлар” асосида эҳтиросли хулосаларга келиш ноўриндир.

Зеро, гап 9 ёшида ваҳшийларча қотилликнинг қурбони бўлган қизалоқнинг аянчли тақдири учун айбдорни сўзсиз жавобгарликка тортиш, бир норасида фарзанди ўлдирилган оиланинг изтироблари, жазонинг муқаррарлиги ва адолат тантанасига бўлган умиди ҳамда ишончи ҳақида бормоқда;

учинчидан, айнан суднинг, аниқроғи, Олий суднинг якуний тўхтамидан кейингина жиноят иши бўйича қўшимча равишда тегишли муносабат билдирилади”, дея якунланган прокуратура ахбороти.

Эслатиб ўтамиз, Асака шаҳрида 9 ёшли қизнинг жасади яшаш хонадонидан топилганди. Марҳуманинг кўкрак-қорин соҳасида кесувчи-санчувчи жисмлар орқали 16 та тан жароҳати етказилгани айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура

Баҳолаганлар

369

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг