Андижонда 65 яшар эркак вояга етмаган мажруҳ қўшнисини мунтазам зўрлаб келган

3-саҳифа

image

Андижон вилояти Пахтаобод туманида вояга етмаган ва ногирон 16 ёшли қизни ён қўшниси зўрлаб келган. Бу ҳақда унинг яқинлари маълум қилди, деб ёзмоқда “Спутник” агентлиги ўзбек хизмати. 

Жабрдийда Н.Н. (исми ўзгартирилган) II-гуруҳ ногиронлиги бўйича рўйхатда туради ва ўз тенгдошларига нисбатан ақлан заифроқ. Шу боис у ўз вақтида ўзи билан юз берган ҳолатларнинг нечоғлик жирканчлигини англай олмаган.

Қизнинг онасига кўра, ушбу ҳодиса бир неча маротаба содир бўлган.

Воқеа қандай содир бўлган?

Жабрдийданинг онаси келтирган маълумотларга кўра, у қизининг илмга чанқоқлигини кўриб, одамларга қўшилсин деган мақсадда мактабда ўқитишга қарор қилган. Пандемия вақтида онлайн тарзда ўқиши учун унга планшет сотиб олиб берган.

Чексиз интернет тармоғидан фойдаланиши давомида қиз тасодифан порнографик видеороликка гувоҳ бўлган ва уни онасига кўрсатиб, “Бу бахтли ҳаёт, фалончи амаки айтди...” дея ўзи ва қўшниси ўртасида юз берган ҳолатлар ҳақида онасига айтиб берган. Она илк маротаба шунда қизи 65 ёшли қўшниси М.М. (исми ўзгартирилган) томонидан зўрланаётганлигини билиб қолган.

“Қайнотам “Келин, бир умр ногирон боқиб, уйда ўтириб қолдингиз. Сиз ҳам бундоқ ишга чиқиб одамларга қўшилинг”, дегани учун тумандаги тикув фабрикасига ишга жойлашган эдим. Пандемия вақтида уйимиз деразаларини михлаб қўйган эдик. Қўшни ўзининг ғаразли мақсадига етиш учун ана шу михларни суғуриб, деразадан тушган ва ҳар гал шу дераза орқали уйга кириб турган. Қизимни эса “Онангга айтма, бахтли бўласан, қизим, ногирон бўлганинг учун сенга бу ҳақда гапиришмаган, аслида ҳамма шундай қилиб, эрга тегади” каби сўзлар билан алдаб келган”, дейди жабрдийданинг онаси.

Органларга мурожаат

Она айрим сабабларга кўра қизи охирги маротаба зўрланганидан бир ой ўтиб, туман ИИБга мурожаат қилган. Бироқ иш қизнинг ўз хоҳишига кўра юз бериб келганлиги важи билан тугатилган.

Аммо қизнинг оила аъзолари юқори ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига такрор мурожаат қиллавергач, бу иш бўйича ҳозирда қайта тергов очилган.

“Қизим аввалдан ногирон бўлиб туғилмаган. У болалигида бир маротаба “судорги” бўлиб, эътиборсиз қолдирилган. Шунинг асорати, у тез-тез тутқаноққа чалиниб туради. Қолаверса, бўлган ишлар унга ёмон таъсир қилганидан эсига тушса, қайта-қайта гапириб берадиган бўлиб қолди”, дейди она.

Қизнинг онаси педофилликда гумонланаётган шахснинг ғойиб бўлгани, терговга келаётган ёки келмаётгани ҳақида билмаслигини айтган. Унга нисбатан бу гал қонуний чора кўрилишини истайди.

Жабрланувчининг 2020 йил 29 сентябрдаги аризасига биноан 2020 йил 4 ноябрь куни Пахтаобод тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми (Шахснинг ўн олти ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган ҳолда у билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноий иш қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

жиноят зўрлаш

Баҳолаганлар

4843

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг