Андижон вилояти “яшил“ ҳудуд бўлиш арафасида

Жамият

image

Андижон вилояти ва Тошкент шаҳрида жами 17 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 26 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

“Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 2 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 13 нафар ҳамда Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида 2 нафар, жами 17 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 1 нафари (26 ёшли эркак) Бухоро вилоятидан бўлса, яна 1 нафари (45 ёшли аёл) Тошкент вилоятидан.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида соғайганларнинг 12 нафари эркак, 1 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 63 ёшда, ёши кичиги 20 ёшда. Ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Фарғона, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидан 2 нафардан, Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 1 нафардан, 2 нафари эса Тожикистон Республикаси фуқаролари ҳисобланади.

Тошкент шаҳрида шу пайтга қадар 940 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 955 нафарга етиб, айни пайтда даволанаётганлар 426 нафарни ташкил этмоқда.

Шунингдек, Андижон вилоятида тузалганларнинг 2 нафари ҳам аёл (65 ёшли ва 46 ёшли) бўлиб, Андижон шаҳридан. Вилоятда эндиликда соғайганлар 169 нафарга етиб, айни пайтда даволанаётганлар сони 6 нафарни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, бугун ҳозирга қадар 17 нафар бемор тузалиб, мамлакат бўйлаб жами соғайганлар сони 2624 нафарга етди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда мамлакатда коронавирусга чалинганлар 3261 нафарни ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 13 нафари вафот этган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

143

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг