Америкалик қўмондон Афғонистонда фуқаролик уруши юз беришидан огоҳлантирди

Олам

image

Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг кучайиб бориши хавотирга сабаб бўлмоқда. АҚШ ва НАТО кучларининг ушбу мамлакатдаги қўмондони генерал-лейтенант Остин Скотт Миллер кеча, 29 июнь куни ABC телеканалига берган интервьюсида шундай фикрни айтиб ўтди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатнинг хавфсизлиги яхши ҳолатда эмас. “Афғонистонликлар [аҳволнинг] яхши эмаслигини тушунади. Толиблар ҳаракатда. Агар уларнинг фаоллиги шу руҳда давом этса, мамлакатда фуқаролар уруши муқаррар. Бу масала бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солиши керак”, дейди Миллер. 

Миллернинг қайд этишича, ушбу ҳаракат мамлакатда ҳокимиятни “ҳарбий йўл билан тортиб олиш”ни амалга оширишга уриниши мумкин.

Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари қўмондонининг сўзларига кўра, “Толибон” бутун мамлакат бўйлаб ҳужумлар операциясини ўтказмоқда. Ҳаракат Афғонистонда янги ҳудудларни ўз назорати остига олаётганига ишора қилиб, Миллер шундай дейди: “Биз ташвишланишимиз керак. Ҳудудларни йўқотиш ва уларнинг тезлиги бизни ташвишга солиши керак”.

Америкалик қўмондоннинг таъкидлашича, “Толибон” позицияларининг кучайиши муносабати билан Афғонистон халқи умидини узишига ҳамда барчаси ҳал бўлди, деган хаёлларга боришига йўл қўймаслик керак.

Эслатиб ўтамиз, Германия 20 йиллик миссиядан сўнг Aфғонистондаги қўшинларининг сўнгги контингентини олиб чиқиб кетди.

АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.

Фаоллашган "Толибон"

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Тасдиқланган маълумотларга кўра, сўнгги ўн кун ичида Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарадош тўрт вилоятида ҳукумат кучлари ва “Толибон” ўртасида тўқнашувлар бўлган.

Натижада Таҳор вилоятининг Чаҳеб, Янги Калъа, Даркад, Дашти Қалъа, Хожағор туманлари, Қундуз вилоятининг Дашти Арчи, Имом Соҳиб ва Қалъаи Зол туманлари, шунингдек Шерхон-Бандар ва Кокул назорат пунктлари “Толибон” назорати остига ўтди. БМТ маълумотига кўра, 22 июнь ҳолатига Афғонистоннинг 50 дан ортиқ туманини эгаллаган. 

Сўнгги кунларда толиблар билан жангларда оғир зарбага учраган афғон қўшинларининг қўшни республикалар ҳудудига қочиб ўтиш ҳолатлари кузатилди. Жумладан, жорий йилнинг 22 июнь куни 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари чегарадош Тожикистонга, 23 июнь куни эса уларнинг 53 нафари Ўзбекистонга қочиб ўтган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон АҚШ Кобул Толиблар

Баҳолаганлар

142

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг