“Режалаштирилган, амалга оширилмоқда!” Шаҳрисабз ҳокимлиги аҳоли сув учун “курашаётгани” бўйича изоҳ берди

Жамият

image

Яқинда QALAMPIR.UZ сайтида “Open Budjet: Сув бормаган қишлоқликлар пойтахтда сарсон” сарлавҳали видеолавҳа эълон қилинган эди. Унда Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилиб келаётган асли Шаҳрисабз туманининг “Хитой” МФЙ Аммоғон қишлоғидан бўлган фуқаро қишлоғида ичимлик суви йўқлиги, 30 йилдан буён бирон бир мутасадди раҳбар қишлоққа бориб, ҳудуднинг шароитини ўрганмагани, “Open Budjet” лойиҳаси орқали турли ташаббуслар кўрсатиб, овоз йиғилмаса қишлоқнинг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжи муаммолигича қолиб кетиши ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтган. 

Фуқаро айтган муаммолар юзасидан Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги муносабат билдирди. Муносабатда ёзилишича, тезкор ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилган.

Аниқланишича, “Open Budjet” лойиҳасининг молиялаштириш манбайи туман маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан шакллантирилади. 2022 йилда 1-мавсум учун 7 миллиард 647 миллион сўм маблағ ажратилди ва 12 та ижтимоий-иқтисодий ҳамда инфратузилма объектлари молиялаштирилди. Хусусан, 2021 йил 1-мавсумда ажратилган маблағлар ҳисобидан “Хитой” МФЙ Аммоғон қишлоғидаги 2 километрлик ички йўлларга ҳам асфалът қопламаси ётқизилган бўлса, 2022 йил 1-мавсумда “Хитой” МФЙ Аммоғон қишлоғига Танхоз дарёсидан оқова сув қувурларини тортиб келиш учун 998 миллион сўм ва Хитой қишлоғига 999 миллион сўм маблағ онлайн овоз бериш орқали ютиб олинган.

Ҳокимликнинг хабар беришича, айни пайтда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Аммоғон қишлоғига 1800 метр қувур тортиш режалаштирилган. Аммо Танхоз дарёсидан қишлоққа томорқани суғориш мақсадида (ичимлик суви эмас) сув олиб келиш учун ушбу ютиб олинган маблағлар етарли бўлмагани сабабли қишлоқнинг ташаббускор кишилари “Open Budjet” лойиҳасининг 2022 йил 2-мавсумида ҳам худди шу масалани киритишган.

Қайд этилишича, “Хитой” МФЙ 2022 йил “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, дастур доирасида 20 миллиард 290 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилди. Ушбу маблағ эвазига 56-умумтаълим мактабининг 150 ўринли қўшимча биноси қурилмоқда ҳамда оилавий шифокорлик пункти биноси барпо этилмоқда. 7 километрлик ички йўлларга қум-шағал, 3 километр 200 метрлик йўлга бетон, 5 километрлик йўлга асфальт қопламалари ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда Дастур доирасида маҳаллада 350 дона бетон устунлар ўрнатилди ва 16 километрлик электр тармоқларини тортиш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, жорий йилда жами 10,3 млрд сўмга 19,5 километр полиэтилен ва 21,5 километр металл қувурлар ёрдамида 41 километрлик ичимлик сув тармоғини қуриш режалаштирилган.

Шаҳрисабз тумани матбуот хизмати “Хитой” МФЙда томорқа учун оқова сув қувурларини тортиш ишлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилмаганини қўшимча қилган.

QALAMPIR.UZ сайти Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг вазиятга беэътибор бўлмаганини, ўрганиш ишларини олиб борганини олқишлайди. Лекин, шу ўринда сайтимизда эълон қилинган видеолавҳа “сўровнома” жанрида ва унда гапирган шахсларнинг берган маълумотларига таҳририят жавоб бермайди. 
Видеолавҳада мухбиримиз ҳам “сўровномада қатнашган одамларнинг берган маълумотлари ҳақиқатга қанчалик тўғри келишини билмаслиги, лекин, агар муаммолар ҳар қандай вазиятда ҳам вақтида масъуллар томонидан ўрганилганида, бу вилоятликлар овоз йиғиб Тошкентда сарсон бўлмас эди”, дея айтиб ўтган.

Бундан ташқари, муносабатда ёзилган “режалаштириш” тезроқ амалга оширилсагина аҳолининг муаммолари бартараф этилган ҳисобланишини маълум қиламиз.

Ҳулкар Муртазоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

70

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг