Амакимнинг жонига суиқасд қилишга ҳеч ким “заинтересован” бўлмаган – Рўзметовнинг жияни

Таҳлил

north_east

"Nukus city” қурилиши учун 400 дан ортиқ уйлар бузилади

Маълумки, жорий йилнинг 6 ноябрь куни ўзининг танқидий чиқишлари билан эътиборга тушган 48 яшар хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметов ЙТҲга учраб вафот этди. Унинг вафоти билан боғлиқ илк хабарни журналистнинг жияни Фурқат Рўзметов Facebook’даги саҳифаси орқали етказди. 

Кеча, 12 ноябрь куни Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтган Матбуот анжуманида Давлатназар Рўзметовнинг вафотига сабаб бўлган ЙТҲга оид тергов жараёни ҳақида маълумот берилди. Шу кундаги воқеалар хронологияси барча далиллар билан кўрсатилди. 

Анжуманда Давлатназар Рўзметовнинг жияни Фурқат Рўзметов ҳам сўз оларкан, амакисининг вафоти уюштирилганига ишонмаслиги, бу бахтсиз ҳодиса бўлганини айтади. 

“Йўл-транспорт ҳодисаси ҳақидаги хабарни олгач, ишонмай, ҳайрон бўлиб, шошиб қолдик. Воқеа жойига етиб бордик. У кўчанинг ёритилмаган қисмида пиёдалар учун белгиланмаган йўлни босиб ўтгани кўриниб турганди. Тез тиббий ёрдам уни олиб кетган, кейин вафот этгани ҳақида бизга хабар беришган. 6 ноябрдан 7 ноябрга ўтар кечаси соат тахминан 03:00 да Давлатназар акамнинг вафот этгани ҳақида Facebook’даги саҳифамда хабар қолдирдим. Давлатназар акамнинг фаолиятини кўпчилик Facebook орқали яхши танир эди. Туман ва шаҳарларда, вилоятларда ўзига яраша таниш-билишлари бўлгани учун вафоти ҳақида хабар беришни мақсад қилиб, ижтимоий тармоққа ёздим.  

Эрталаб маъракага тайёргарлик кўриш вақтида интернетга қарадим. Ўша вақтда жуда хафа бўлиб кетдим. Чунки инсон оиласининг мусибати ҳақида бирор хабар қолдириб, марҳумни сўнгги йўлга кузатиш учун дўстлари, ёру биродарларини таклиф қилиш учун ёзганда, у ердаги изоҳларни кўриб жуда хафа бўлдим. Билар-билмас, тушунар-тушунмас уюштирилган деган изоҳларни ўқиб хафа бўлдим”, дейди Фурқат Рўзметов. 

Бутун дунёда, жумладан Ўзбекистонда ҳам журналистлар бой-бадавлат яшамайди. Улар доим халқ орасида, одамларнинг дарду ташвишлари билан кун кечиради. Давлатназар Рўзметов ҳам ана шундай оғир юкни бўйнига олган журналистлардан бўлган. Унинг жияни анжумандаги нутқини давом эттираркан, Рўзметовнинг уч фарзанди ва оиласи боқувчисиз қолгани, уларга ижтимоий ҳимоя кераклигини айтади. 

“Мавриди келганда, Давлатназар аканинг қонуний вакили – турмуш ўртоғининг гапларини етказиб қўйишни тўғри деб биламан. Амакимнинг оилавий шароитини кўпчилик яхши билган. У кишининг ортидан уч фарзанди қолди. Рафиқаси ҳам ишсиз бўлган. Оиламиз уч фарзандни ёлғизлатиб қўймайди, ҳеч кимнинг хафа қилишига ҳам йўл қўймаймиз. Лекин барибир ҳамманинг ўз ташвиши бор. Мен бу даврада ўтирган журналистлардан сўрардимки, унинг оилавий шароити билан танишсангиз, у мол-давлатга умуман қизиқмаганини кўрасиз. Ўзини журналистикага бағишлаган эди. Ҳатто, ҳафталаб, ойлаб уйга келмай, иши билан шуғулланган”, дейди журналистнинг жияни. 

Давлатназар Рўзметов “Жамият” газетасида фаолият юритган. Аммо вафотидан аввал, октябрь ойида ишдан бўшаган. Бу орада расман ҳеч қаерда ишламаган. 

Фурқат Рўзметовнинг мурожаатидан кейин Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комилжон Алламжонов яна бир бор Давлатназар Рўзметовнинг оиласига ҳамдардлик билдириб, агентлик томонидан унинг оиласига ёрдам ва ижтимоий ҳимоя албатта берилишини таъкидлади ва бу билан шуғулланишни агентлик директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджоновга юклади. 

Фурқат Рўзметов сўзини якунлар экан, қуйидагиларни айтади:

“Марҳумнинг хотирасини топтамаслик учун ижтимоий тармоқлардаги нотўғри фикрларга ўз муносабатингизни билдирасиз, деб ўйлаймиз. Чунки асл воқеа Facebook’да ёзилганидек бўлмаган, буни мен ўз кўзларим билан кўрдим. Инсоннинг изидан шу қадар бўҳтон қилиб, бошқа ташкилотларнинг номига айтилган гапларни кўриб, жуда хафа бўлиб кетасан. Бу ерда ҳеч ким “заинтересован” эмаски, амакимнинг жонига қасд қилишса. Мен унинг энг яқин инсонларидан бириман. Отам вафот қилгач, отам ўрнида ота бўлган. Шунинг учун матбуот анжуманида берилган маълумотларга асосланган ҳолда марҳумнинг хотирасини ҳурмат қиласизлар, деган умиддаман”.

Фурқат Рўзметов бу фикрларга кеча ё бугун, қайсидир ташкилотларнинг босими билан келгани йўқ. У амакисининг маърака кунидаёқ, яъни 7 ноябрда ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида шундай сўзларни ёзиб қолдирган эди: 

“Давлатназар Рўзметовнинг вафотини қандайдир бошқача талқин қилиб, турли интернет сайтлари бўлар-бўлмас нарсаларни ёзмоқда. Илтимос, Сизлардан бир инсон вафотини Сиёсий нарсага айлантирманг... Оллоҳимнинг иродаси шу... Марҳумнинг яқинларига осон тутманг. Барчага илтимосим. “Комментария”ларда қандайдир фитна ёки бошқача гапларни назарда тутувчи фикрларни кераги йўқ... Билмай туриб айтманглар...”

Эслатиб ўтамиз, Давлатназар Рўзметов жорий йининг 6 ноябрь куни “Урганч-Хива” йўлининг 5-километрида ЙТҲга учраб, воқеа жойида вафот этган эди. 48 яшар журналист 2018 йил 29 октябрь куни “Хоразм ёшлари” газетаси муҳаррири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган пайтида ҳибсга олиниб, Қўшкўпир тумани маъмурий суди томонидан 7 суткалик қамоқ жазосига маҳкум қилинган эди. Мазкур воқеа журналистнинг вафоти билан боғлиқ турли миш-мишларнинг болалашига сабаб бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Давлатназар Рўзметов Фурқат Рўзметов

Баҳолаганлар

54

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг