АҚШ ва Россия. Комилов Ўзбекистоннинг Вашингтон ва Москва билан бугунги алоқаларига баҳо берди

Интервью

image

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида расмий Тошкентнинг Москва ва Вашингтон билан бугунги муносабатларига тўхталди. Унинг қайд этишича, охирги уч йилда Ўзбекистон Республикасининг турли қитъалардаги кўплаб давлатлар ва давлат уюшмалари билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган. 

Ўзбекистон ташқи дипломатияси раҳбари сайёранинг икки кучли давлати ҳақида сўз юритаркан, Россия билан сўнгги йилларда стратегик шериклик ривожланиб бораётганини қайд этган 

“Аввалам бор, сўнгги йилларда Россия билан стратегик шериклик ва ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. Очиқлик ҳамда ўзаро ишончга асосланган биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, транспорт, агросаноат, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро ҳамкорлик кўламини сезиларли даражада кенгайтиришга эришилди”, дейди вазир. 

Қайд этилишича, Россия Ўзбекистоннинг етакчи савдо-иқтисодий шерикларидан бири. 2019 йил якунига кўра, Россия Федерациясининг Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги улуши 15,7 фоизни ташкил қилган. Ўзбекистон Россиянинг турли минтақаларига тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришни кескин оширган. 

Иқтисодий ривожланишнинг устувор соҳаларида қатор йирик лойиҳалар ва дастурлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Россиянинг атом энергетикаси мутахассислари Ўзбекистонда Марказий Осиёда биринчи атом электр стансиясини қуришга тайёргарлик ишларини бошлади. 

“Агар Ўзбекистон – Россия муносабатларининг муҳим йўналишларидан бирига айланган маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистонда Россиянинг ўнлаб етакчи университетлари филиаллари очилганини таъкидлаш ўринли бўлади. Миллий технологик тадқиқотлар университети (МИСиС), Миллий ядровий тадқиқот университети (МИФИ) ҳамда Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг биринчи хорижий филиали шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги шериклик мустаҳкам пойдеворга эга экани ва келажакка йўналтирилганидан далолат беради”, дейди Комилов.

Янги Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари ривожланишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил май ойида АҚШга амалга оширган ташрифининг ўрни беқиёс. Вазир Абдулазиз Комилов бу ҳақда гапираркан, шундай дейди: 

“Ўзбекистоннинг дунёдаги бошқа етакчи мамлакатлар билан муносабатлари ҳам жадал ва ўзаро манфаатдорлик асосида ривожланмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил май ойида Вашингтонга расмий ташрифи Америка Қўшма Штатлари билан ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқди. Икки давлат раҳбарлари “Стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши тўғрисида”ги Қўшма баёнотни қабул қилдилар ва ўз саъй-ҳаракатларини ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли соҳаларини ривожлантиришга йўналтирдилар. 

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижобий баҳоланди ва қўллаб-қувватланди. Бу Ўзбекистоннинг рейтинги ва халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатди. 

2017 йилдан буён икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тарихида илк бор АҚШнинг юқори мартабали иқтисодий делегациялари – савдо вазири У.Росс, Миссисипи штати губернатори Ф.Браянт, АҚШнинг сертификатланган савдо миссияси (2019 йил) ташрифлари амалга оширилди”. 

Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми икки баравар ошган.Америкалик сайёҳларнинг Ўзбекистонга оқими эса 50 фоизга кўпайган.  


Мақола муаллифи

Теглар

Абдулазиз Комилов

Баҳолаганлар

133

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг