АҚШ Украинага қанча ҳарбий ёрдам кўрсатганини маълум қилди

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ Мудофаа вазирлиги ўз сайтида Украинага кўрсатилган ҳарбий ёрдам ҳақида ҳисобот эълон қилди. 

Қайд этилишича, АҚШ Президенти Жо Байден лавозимга келган кундан бошлаб Вашингтон Киевга 6,3 миллиард долларга яқин маблағ ажратган бўлса, жорий йил 24 февралда Россия Украинага бостириб кирганидан кейин 5,6 миллиард доллар берган. 

Жумладан, 1400 дан ортиқ Stinger портатив зенит-ракета тизими, 700 дан ортиқ Switchblade учувчисиз учиш аппаратлари, 20 та Ми-17 вертолётлари, 126 та 155 миллиметрли гаубитцалар ва 260 000 та снарядлар, шунингдек, 6,5 мингта Javelin танкга қарши ракета тизими ва бошқа турдаги 20 мингдан ортиқ танкга қарши тизимлар Киевга жўнатилган. 

Аввалроқ, Оқ уйдаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Вашингтон Киевга мунтазам равишда янги ёрдам пакетларини тақдим этишда давом этишини айтган эди. 

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Киев вакиллари ўртасидаги алоқалар Украина армияси эҳтиёжларини ҳар бир аниқ вақт оралиғида қондиришга қаратилган.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг