АҚШ Саудия Арабистони шаҳзодасини журналистнинг ўлими учун судга тортмайди

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Президенти Жо Байден маъмурияти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши бўйича суд жараёнидан даҳлсизлиги ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Қошиқчи 2018 йилнинг октябрь ойида Саудия Арабистони агентлари томонидан Истанбулдаги Саудия консуллигида ўлдирилган. Унинг жасади бир неча қисимга бўлиб ташланган эди. Разведка маълумотларига таяниладиган бўлса, ушбу қотиллик иши Саудия Арабистони шаҳзодасининг буюртмасига биноан амалга оширилган.

АҚШнинг мазкур қарорига марҳумнинг собиқ қаллиғи Хатиже Женгиз Twitter’даги саҳифасида муносабат билдириб, АҚШдан адолат кутганини, аммо пул барибир биринчи ўринга чиққанини иддао қилди.

“Жамол бугун яна бир бор вафот этди. Биз АҚШ адолатни устун қўяр, деб умид қилган эдик. Бироқ яна пул биринчи ўринга чиқди. Бу Жамол ва менга нотаниш дунё”, деб ёзди у. 

Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг ёзма баёнотида Саудия валиаҳд шаҳзодасининг Жамол Қошиқчи ишида даҳлсиз  қолиши ҳақидаги қарор қонуний деб аталган.

“Бу Давлат департаменти томонидан халқаро ҳуқуқларнинг узоқ йиллик ва мустаҳкам ўрнатилган тамойиллари асосида қабул қилинган қонуний қарор”, дейилади баёнотда.

АҚШнинг Колумбия округи судига топширилган ҳужжатда Адлия департаменти адвокатлари “давлат бошлиғи даҳлсизлиги доктринаси халқаро ҳуқуқда мустаҳкам илдиз отганини” ёзган. Яъни Муҳаммад бин Салмон айни вақтда Саудиянинг Қироли вазифасини бажарувчи ҳисобланади. Шу сабабли у судланишга қарши иммунитетга эга.

Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида Саудия Қироли Салмон бин Абдул Азиз ол-Сауднинг фармони билан шаҳзода Муҳаммад бош вазир этиб тайинланди. Саудия расмийсининг сўзларига кўра, Қиролнинг бу қарори валиаҳд шаҳзода аллақачон бажараётган мажбуриятларга мос келади.

Шаҳзоданинг адвокатлари эса унинг даҳлсиз шахс эканлигига ишонади. Улар Вашингтондаги федерал округ судидан 3-сонли петиция, яъни Қўшма Штатлар хорижий давлат раҳбарининг даҳлсизлигини тан олган бошқа ҳолатларга асосланиб, шаҳзоданинг Қошиқчи иши бўйича судга тортмасликни сўраган.

Жо Байден жорий йилнинг июль ойида Саудия Арабистонига энергия ва хавфсизлик масалаларини муҳокама қилиш учун ташриф буюрганида валиаҳд шаҳзодани муштлагани учун танқид қилинган эди. 

Ўшанда Оқ уйнинг маълум қилишича, Байден шаҳзода Муҳаммадга уни Қошиқчининг ўлимида айбдор деб билишини айтган.

МBC номи билан танилган шаҳзода Қошиқчини ўлдиришга буйруқ берганини рад этиб келарди, аммо кейинчалик бу ишни ўзи назорат қилганини тан олган.

Қошиқчи “The Washington Post” газетасида валиаҳд шаҳзоданинг юритаётган сиёсатини танқид қилган эди. У Туркия фуқароси Женгиз билан турмуш қуришига керак бўлган ҳужжатларни олиш учун Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигига борган. Аммо у консулхонадан тирик чиқмаган.

Араб дунёси демократияси вакили Сара Ли Уитсоннинг ёзишича, Байден бир ўзи Муҳаммад бин Салмон жавобгарликдан қутулиб қолишига ишонтирган. Аммо АҚШ етакчиси МBC’ни жавобгарликка тортишга ваъда берган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Муҳаммад бин Салмон Жо Байден

Баҳолаганлар

101

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг