АҚШ 22 яшар қиз ўлими ортидан Эронга қарши санкциялар киритди

Олам

image
image

Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда кеча, 22 сентябрь куни АҚШ Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Баёнотда таъкидланишича, ахлоқ полициясига қарши санкциялар “эронлик аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ, шунингдек, Эронда тинч намойишчиларнинг ҳуқуқларини поймол қилгани учун” жорий этилган.

“Ахлоқ полицияси ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Амини яқинда ўлими учун жавобгардир”, дейилади Молия вазирлик баёнотида.

Эрон қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Киюмарс Ҳейдарий, Эрон Ислом Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи кучларининг Чеҳармехал ва Бахтиёрия вилоятларидаги қўмондони Манучеҳр Аманоллаҳий, Эрон ҳуқуқ-тартибот кучлари қўмондони ўринбосари Қосим Ризоий, “Басиж” исломий халқ милицияси қўмондони Салар Абноуш ҳам қора рўйхатга киритилди. Бундан ташқари, рўйхатга Эрон разведка вазири Сейид Эсмоил Хатиб ҳам киритилган бўлиб, унга нисбатан Молия вазирлиги 9 сентябрда Вашингтон нуқтаи назаридан АҚШ ва иттифоқчи давлатларга қарши кибер-фаолиятларда иштирок этгани учун бошқа санкциялар ҳам жорий этган эди.

“Бу одамларнинг барчаси намойишларни бостириш ва намойишчиларни ўлдиришда иштирок этган. Эрон ҳукумати аёлларга нисбатан мунтазам таъқибларни тўхтатиши ва тинч намойишларга рухсат бериши керак”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен алоҳида баёнотида.

Аминининг ўлими

Эронда норозилик намойишлари жорий йилнинг 17 сентябрь куни 22 ёшли Маҳса Аминининг дафн маросимидан кейин бошланди. Расмий версияга кўра, 16 сентябрь куни бу қиз рўмолни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган. Сўроқ пайтида у юрак хуружига учраган ва у вафот этган. Бироқ ижтимоий тармоқларда Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақида маълумот тарқалди.

Якшанба куни Эрон Президенти Иброҳим Раисий марҳум Маҳса Аминининг оиласига қўнғироқ қилиб, қонун бузилишига йўл қўймаслик учун воқеани чуқур ўрганишни буюрганини айтди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг чоршанба куни Нью-Йоркдаги 77-сессияси арафасида Раисий тергов натижаларини кутишга чақирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

155

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг