АҚШни ҳарбий жиноятчилар рўйхатига киритиш керак – Володин

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари раҳбарияти Киев режими томонидан Украинада содир этилган жиноятлар учун жавоб бериши ва ҳарбий жиноятчилар рўйхатига киритилиши керак. Бу ҳақда Россия Давлат думаси спикери Вячеслав Володин таъкидлади.

“Украинада Киев нацистлари режими томонидан содир этилган жиноятлар учун АҚШ раҳбарияти ҳам жавобгарликка тортилиши ва ҳарбий жиноятчилар рўйхатига қўшилиши керак”, дейди у.

Володиннинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинанинг ҳарбий амалиётларини мувофиқлаштириб, Россияга қарши жанговар ҳаракатларда қатнашаётганини тан олган.

“АҚШ Президенти Жо Байден Украина билан разведка маълумотлари алмашинуви ҳақидаги маълумотлар сизиб чиқишини тўхтатишни талаб қилиб, Вашингтон махфийликдан чиқарилганини тан олди”, дейди Давлат думаси спикери.

Шунингдек, Вячеслав Володин АҚШ Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок этаётганини ҳам даъво қилди.

“АҚШ Украинадаги жанговар ҳаракатларда иштирок етмоқда. Аслида, бугун Вашингтон ҳарбий операцияларни мувофиқлаштириб, ривожлантирмоқда, шу орқали мамлакатимизга қарши жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этмоқда”, деб ёзади Давлат Думаси спикери. 

Унинг таъкидлашича, гап фақат қурол-яроғ ва техника етказиб беришда эмас.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг